21:24 / 22.04.2017
11336

"Сочная Долина" хайрия акциясида катта-ю кичикни бирлаштирди

Халқимиз орасида кўчат экиб, ниҳол ўстириш – хайрли ишлардан бири саналади. Шундан келиб чиққан ҳолда 22 апрель "Сочная Долина" СБ ўзининг анъанавий "Сочный Ташкент" (“Обод Тошкент”) акциясини ўтказди. Мазкур тадбир катталар ва болажонларга бирдек манзур бўлиб, шанба кунини мароқли ўтказишларига ўз ҳиссасини қўшди. 
 

Хайрли иш сари олға...

Бугун соат 11:30да “Обод Тошкент” акциясида иштирок этиш истагида бўлганлар Ucell бош идорасининг рўпарасидаги автомобиллар турар-жойида йиғилишди. “Сочная Долина”нинг махсус автобуслари эса барча иштирокчиларни "Green Park" кўнгилочар ва истироҳат боғига олиб келди.

“Ҳамжиҳатликда ҳикмат кўп”

Шуниси қувонарли эдики, бу акцияда иштирок этаётганларнинг аксарият қисмини болажонлар ташкил этди. Улар ўз ота-оналари, буви ва бувалари билан биргаликда дарахт кўчатларини экиб, савобли ишга қўл уришди. Кун келиб, ушбу кўчатлар ўсиб, мева бериб, атрофга салқинлик улашади. Шунингдек, бу каби хайрли ишлар шаҳримиз чиройига янада кўрк қўшишига ёрдам беради. 

Меҳнат – меҳнатдан келар роҳат!

Юқоридаги мақол бежиз тилга олинмади. “Сочная Долина” СБ акция иштирокчиларига ажойиб дастурхон ҳозирлаб қўйган эди. Барча кўчатлар ўтқазиб бўлингач, иштирокчиларимизга ажойиб тушлик - энг мазали паловлар маскани - OshMakon’дан тўёна ош тортиқ қилинди. Шунингдек, тадбир давомида барчага “Сочная Долина”нинг энг мазали шарбат ҳамда ичимликлари улашилди. 

Бугунги кун тадбир иштирокчилари учун бир сўз билан айтганда, ҳам мароқли, ҳам бир умр ёдда қолувчи санага айланди. Нима учун дейсизми? Сабаби, улар ўтқазган кўчатлар йиллар ўтиб, катта дарахтга айланганида, ўз ишларидан мамнун бўлишади. 

“Обод Тошкент” акцияси иштирокчиларининг фикрлари билан ўртоқлашамиз:

Мадина Исмоилова, “Fashion Терапия” гуруҳининг асосчиси:

“Мазкур ажойиб тадбирни ўтказган ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирамиз. Гувоҳ бўлганимиздек, кўпчилик бу ерга ўз оиласи, фарзандлари билан бирга ташриф буюриб, кўчатлар экишди. Ўйлайманки, улар бир неча йиллардан сўнг, бу ерга ташриф буюриб, ўз меҳнатларининг ҳосилини кўриб, қувонишади”.

Мирзоёқубов Мирзоубайдулло, ўқувчи:

“Бугунги тадбир менга жуда ҳам ёқди. Ўзим 4та дарахт кўчатини экдим ва бундан жуда хурсандман. Бундан ташқари, байрам столи ва мазали ош учун ҳам раҳмат айтаман”.

Васила Насриддинова, журналист:

“Биз “Сочная Долина” савдо белгисини аввалдан яхши кўрар эдик. Бироқ мазкур тадбирдан сўнг уларга бўлган ҳурматим янада ортди. Чунки тошли ерга кўчат экиб, уни дарахтзорга айлантириш – бу жуда савобли иш. Бу ўзбек халқи ва менталитетига ярашувчи, ажойиб тадбирлардан бири бўлди. Айниқса, чинор ва олма дарахтларининг экилиши ва тадбир ташкилотчилари уларни доимий парваришлаб боришини билганимдан сўнг жуда хурсанд бўлдим. Шундай акция ўтказиш ғоясини ўйлаб топган инсонга ҳам минг рахмат”.

Сидиқов Ҳусан, “Absolut Partner” фирмаси ходими:

“Табиат қўйнида дарахт экиш – менинг севимли одатларимдан бири. Бугун жамоамиз билан ҳам мароқли дам олиб, ҳам атрофни ободонлаштиришга ҳисса қўшганимиздан мамнунмиз”.

Эслатиб ўтамиз: Акция Facebook’даги энг оммабоп ҳамжамиятлар - Потребитель.уз, "Fashion Терапия", "Родители Узбекистана", "Водители Ташкента", TROLL UZ ва Pickuper UZ билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Top