16:12 / 02.05.2017
23755

ЕЧЛ ярим финали: «Атлетико» қасос ўтида ёнмоқда

Бугун Мадриднинг «Реал» клуби УЕФА чемпионлар лигаси ярим финали дастлабки учрашуви доирасида ўз стадиони «Сантьяго Бернабеу»да ҳамшаҳарлари «Атлетико» клубини қабул қилади.

 «Реал»га бас келишда «Атлетико» яримҳимоячиси Антуан Гризманнинг ўйинига кўп нарса боғлиқ

Тошкент вақти билан соат 23:45да старт оладиган Мадрид дербиси билан УЕФА чемпионлар лигаси ярим финал учрашувлари бошлаб берилади. Диего Симеоне жамоаси, мана, тўртинчи мавсумдирки, кўҳна қитъанинг энг асосий турнирида «қироллик клуби»га рўбарў бўлмоқда.

Олдинги уч баслашувнинг барчаси «қаймоқранглилар»нинг ғалабаси билан якунланган эди. Боз устига икки бор бу ҳодиса финалда рўй берган – 2014 йил қўшимча вақтда — 4:1 ва 2016 йил 1:1 (пенальтилар сериясидан сўнг 5:3). Финалда ҳар икки марта 90 дақиқа кучли жамоани аниқлаб бера олмаган. 2014/15 йилги мавсумда эса «Атлетико» чорак финалда ютқазиб чиқиб кетган эди. Ўшанда «Сантьяго Бернубеу»да ўтган жавоб учрашувида Чичаритонинг 88-дақиқада киритган голи ҳамма нарсани ҳал қилган эди.

«Реал» ярим ҳимоячиси Иско янги қарама-қаршилик олдидан эски курашларни ёдга олар экан, Лиссабонда ўтган 2014 йилги финалда Серхио Рамос томонидан киритилган голга алоҳида эътибор қаратди. Айнан «Реал» сардорининг қўшимча вақтда урган голи «қироллик клуби»га ўйинни қўшимча бўлимларга ўтказишга имкон яратган эди.

«Рамоснинг Лиссабонда урган голини эсласам ҳанузгача баданим жимирлаб кетади. Бу ўта муҳим ўйин эди ва Серхио тўп киритгач, энди албатта ғалабага эришишимиз маълум бўлиб қолган эди.

Миланда ўтган пенальтилар серияси карьерамдаги энг кескин ва асабларни таранглаштирадиган вазият бўлган. Ўшанда агар дастлабки бешта зарбадан сўнг ҳисоб тенглигича қолганида мен ҳам ўн бир метрлик нуқтадан зарба беришим керак эди, бироқ жамоадошларим ҳаммасини чиройли якунлашганди.

Умид қиламанки, бу сафарги қарама-қаршилик якуни ҳам олдинги натижаларга ўхшаш бўлади. Бироқ «Атлетико» ўйинчилари ҳам қасос ўтида ёнишаётгани аниқ», — дея Исконинг сўзларини келтиради испанларнинг Marca нашри.

«Реал»нинг бош мураббийи Зайниддин Зидан бу ўйинда уэльслик яримҳимоячи Гарет Бэйл хизматларидан фойдалана олмайди. Маҳаллий AS нашри мухлислар ўртасида сўров ўтказиб, уларнинг 60 фоизи Гаретнинг ўрнида Искони кўришни исташаётганини аниқлаган, бироқ франциялик мураббий майдонда ўйинчиларга тўғри позиция топиб бера олишдек ноодатий қарорлари билан машҳур, шу сабабли бирор нарса тахмин қилишга шошилмаслик керак — Зиданнинг ихтиёрида Марко Асенсио, Хамес Родригес ва Лукас Васкес бор.

Лекин Рафаэль Варан умумий гуруҳга қайтган, агар марказий ҳимоячилардан фақат Рамос ва рақибларидан маҳорат бобида устун эмаслиги кундек равшан бўлган Начо Фернандесгина сафда эканлиги эътиборга олинса, «қаймоқранглилар» учун бу катта воқеа.

Симеоне эса, ўз навбатида, соғайган яримҳимоячи Янник Карраскони ўз бағрига қабул қилди, бироқ ҳимоячиси Хосе-Мария Хименесдан айрилган. Нима бўлганда ҳам, «Лас-Пальмас» билан бўлган ўтган учрашувда (5:0) олган жароҳати унинг биринчи ярим финалдаги учрашувини сўроқ остига қўйиб турибди. 

Олдинги учрашувлар ва ҳар икки клубнинг ўйин одатидан келиб чиқилса, бу қарама-қаршиликлар голларга бой бўлишини кутиш ярамайди. Бу ҳолатда «матрасчилар» учун меҳмонда гол уриб олиш катта муваффақият бўларди. Ўйин олдидан ҳимоячи Диего Годин ҳам шу ҳақида гапириб ўтган.

«Бу тенг кучли рақиблар баҳси. Ярим финалга етиб келган барча жамоалар шунга лойиқдирлар.

Бундай учрашувларда меҳмонда гол киритиш доимо муҳим бўлган. Биз айнан шу вазифани амалга оширмоқчимиз. Бизда ўйинга тайёрланиш учун кўп вақт бўлмади. Бир неча кун аввалгина майдонга тушгандик. Бироқ биз «Реал» ва унинг шонли тарихи ҳақида яхши биламиз.

Биз олдинги мағлубиятлардан сабоқ чиқарганмиз. Бу ўйинга барча муҳим ўйинларга тайёрланганимиздек пухта тайёргарлик кўрганмиз», — дея Годиннинг сўзларини келтиради УЕФА сайти.

«Гол»га ўйнаш қийин бўлиши ҳақида ўйин олдидан шогирдларининг ҳимоядаги ўйини энг кучли жиҳати эмаслигини жуда яхши биладиган Зидан ҳам айтиб ўтган эди.

«Нима бўлган бўлса, ҳаммаси тарихда қолди. Ортга қарашдан наф йўқ. Бизда ижобий тажриба бўлган, бироқ энди ҳаммаси бошқача. Биз ўйинда фаворит эмасмиз. Имкониятлар 50-50, плей-офф босқичида ўзи доимо шунақа бўлиб келган. Ғалаба қозониш учун барча нарсани ишга солишни режалаштирганмиз. Ҳозирча жавоб ўйини ҳақида ўйламаяпмиз. Барча ўй-хаёлларимиз ўйинга қаратилган, кейин нима бўлиши ҳақида ўйлаб кўришга вақтимиз бор.

Ўтган мавсумга солиштирганда дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолиш қийинроқ бўлмоқда. Бу — футбол, ҳар қандай жамоанинг кучли жиҳатлари бўлади, «Атлетико» ҳам бундан мустасно эмас. Биз учун ҳар доим рақибдан кўпроқ гол уриш муҳим бўлиб келган.

Лекин биз гол уриб, дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолишга уринамиз, ахир бу плей-офф», — дея Зиданнинг сўзларини келтиради УЕФА сайти.

«Реал» рулига Зайниддин Зидан келганидан буён ҳар икки жамоа ўйинида умумий жаҳатлар кўпроқ кўзга ташлана бошлади. Нима бўлганда ҳам, «матрасчилар» ҳам, «қаймоқранглилар» ҳам кучли қарши ҳужумда тезлик билан рақиб ҳимоясини ёриб ўтади. Фақат фарқи шундаки, «Реал» рақибидан фарқли ўлароқ, ҳанузгача ҳимояда ўйинини тартибга келтира олгани йўқ. 

«Реал» ўйиннинг ҳар бир таркибий қисмида кучли. Улар яхши ҳимояланиб, кучли ҳужумлар уюштиришади. Бироқ «Атлетико» ҳам рақибига кўнгилсизликлар тақдим эта олувчи жамоалар сирасига киради. Ҳар икки жамоанинг ўйин услуби ўхшаш. Ким ўйин режасини ҳаётга татбиқ эта олса, ўша ютади», — дея Габининг сўзларини келтиради УЕФА матбуот хизмати.

Биз ўз ҳиссиётларимизни жиловлашимиз керак. Менда бошқа жамоалардан кўра «Реал»га қарши ўтадиган ўйинлар кўпроқ ҳаяжон келтириб чиқаради.

Албатта, биз яна бир бор финалга чиқишни истаймиз. Чемпионлар лигасидаги дастлабки ўйин жуда муҳим. Биз тарихда бунга гувоҳ бўлганмиз. Жавоб учрашуви — дастлабки учрашувнинг оқибати. Агар биз эртага яхши натижага эриша олсак, олдинга катта қадам ташлаган бўламиз».

Ўйин бошланишидан олдин футболчиларнинг гап-сўзларида кўзга яққол ташланадиган нарса ўзаро ҳурмат ва рақиблар шаънига тонналаб мақтов ёғдирилиши бўлди. Масалан, Симеоне ўйин олдидан қачонлардир майдонда унга қарши кураш олиб борган Зиданни клубда бир йилдан ортиқроқ вақт ичида эришган натижалари учун роса мақтади.

«Зидан бош мураббий этиб тайинлангач, катта ҳажмдаги ишларни амалга оширди. У жамоадаги ҳаммани бахтли қилди, тўғри мувозанатни топа билди ва катта мақсадлар сари илгариламоқда. Муҳим ўйинлар доимо қийин бўлган, бу галги ўйин ҳам мустасно бўлмайди. Аниқ қандайдир бир натижа ҳақида ўйламаяпман. Бизни жуда қизғин ўйин кутиб турибди. Биз эркин муҳит яратиб, ташаббусга эга бўламиз, деб умид қиламан. Жавоб учрашуви бизнинг майдонимизда бўлиб ўтади, шу сабабли бу ўйинда гол ура олсак, у биз учун катта фойда бўларди», — дея Симеоненинг сўзларини келтиради УЕФА сайти.

Мен доим ўйинлар олдидан бироз таҳликага тушаман. Мен воқеъликдан буткул узилишим керак. Мени масъулият юки босиб турибди ва у тобора оғирлашиб бормоқда. Буни мен ҳар қандай жамоага қарши ўйинда сезаман.

«Реал» ўз уйида ҳар доимгидек, бутун куч-қудратини намоён этади. «Қаймоқранглилар» Иско, Хамес Родригес ва Асенсио иштирок этадиган турли тактик схемалардан фойдаланиши мумкин. Улар бизга етарли муаммо туғдириш пайида бўлишади, айниқса, ўйин аввалида. Биз уларнинг босимига дош беришимиз керак. Ўйиннинг бошланғич қисмида бу осон иш бўлмайди».

Бу ўйин голларга бой бўлишини кутиш ярамайди, боз устига дастлабки ўйинда. Фақат шуни қайд этиш керакки, жорий мавсумда жамоалар ҳар тўрт ўйиндан биттасида сўнгги 15 дақиқа ичида гол уришмоқда. «Қаймоқранглилар»да бундай голлар сони 40тага етган ва уларнинг 25таси Испания чемпионатида урилиб, жамоага 17 очко келтирган. Бу ўйиннинг дастлабки сониясидан сўнгига қадар тер тўкишга тўғри келади. 

Ўйинда ҳакамлик англиялик Мартин Аткинсонга ишониб топширилган. У жорий мавсумда ЕЧЛнинг уч ўйинини бошқарган, жумладан, «Атлетико»нинг ПСВга қарши меҳмонда ўтган ўйинини ҳам. Унда испанлар минимал ғалабага эришишган эди.

«Биз бу ўйинларда ҳакамлик нечоғлик оғир бўлишини ҳам яхши биламиз. Ишнинг қийинлиги стадионда мухлислар томонидан яратилган муҳит билан тушунтирилиши мумкин. Лекин умид қиламизки, «Реал»га қарши ўйинда майдонда ҳакамнинг бор-йўқлиги билинмайди ва барча ўйиндан баҳра олади», — деган ўйинолди матбуот анжуманида Симеоне.

Top