12:44 / 05.05.2017
15771

Тошкентнинг Яшнобод туманидаги ётоқхона абгор ҳолати депутатлар эътиборини тортди

Бугун муаммоларни бир жойда ўтириб ҳал этиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот бу юзага келган масалаларни самарали бартараф этишнинг зарурий механизмига айланиб бормоқда. Бу айни пайтда худудларда ҳақиқий ҳолатни ўрганиш юзасидан жойларда бўлиб, аҳоли билан  уларни ўйлантираётган масалалар, юзага келган муаммолари юзасидан мулоқотлар ўтказаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари фаолиятида яққол кўзга ташланмоқда.

Чунончи, Тошкент шахридан сайланган депутатлар Яшнобод туманидаги аҳвол билан танишмоқдалар. Навбатдаги ана шундай учрашувлардан бири туманинг “Баҳор” ҳамда “Парвоз маҳалла фуқаролари йиғини ҳудуди фуқаролари билан бўлиб ўтди.

“Баҳор” фуқаролар йиғини худудида жойлашган 65-ётоқхонада истиқомат қилувчи аҳоли бино 1972 йилда қурилганига қарамай шу пайтга қадар бирор марта ҳам капитал таъмирланмагани, 2016-2017 йил куз-қиш мавсумида иситиш тизими деярли ишламагани, хоналарнинг захлигидан аҳоли турли юқумли касалликларга чалинаётгани, бинонинг ярмидаги ювиниш хоналарида қувурлар ишдан чиқиб, сув оқиб ётгани бунинг натижасида эса уйнинг биринчи қавати бурчак қисми нураб қулаб тушишгача келиб қолганини баён қилдилар. Юзага келган ушбу вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида шу ернинг ўзида Яшнобод туман коммунал таъмирлаш авария хизмати ва санитария-эпедемиология хизмати мутасаддилари таклиф этилди. Аҳоли, қуйи палата депутати ва мутахассислар иштирокида ушбу масала муҳокама қилинди ва муаммони бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди ҳамда қўшимча чоралар кўриладиган бўлди.

– Ўрганишлар давомида кўп қаватли уйларда яшовчи фуқароларнинг ўйлантирадиган асосий масала, яъни  уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти билан бевосита танишдик, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Р.Каримов. – “Баҳор” фуқаролар йиғини худудидаги 56, 57-кўп хонадонли уйларга хизмат кўрсатувчи ширкат аҳолига қониқарли хизмат кўрсатаётган бўлса, “Парвоз” маҳалла фуқаролар йиғини “Сивил ғалаба коммунал” ширкати фаолиятидан аҳоли миннатдор. Ўрганишлар давомида иши оқсаётган ширкатлар раҳбарлари билан мулоқотлар ўтказиб уларнинг фаолиятида тўсиқ бўлаётган масалалар ечими юзасидан фикрлашиб олинди ва амалий чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб ўтган муҳокамаларда уй-жой коммунал ширкатлари моддий аҳволини яхшилаш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида молия муассасаларидан кредитлар ажратиш масалалари кўриб чиқилди.

Top