Жаҳон | 22:49 / 05.05.2017
16351
2 дақиқада ўқилади

Трамп ўз қароргоҳига учиши учун қанча маблағ сарфланади?

Фото: AFP 2017 / Mandel Ngan

АҚШ президенти Дональд Трампнинг Air Force One самолётида Мар-а-Лаго қароргоҳи жойлашган Палм-Бичга учиши америкалик солиқ тўловчиларга 1,2 млн доллардан қимматроққа айланади, деб хабар бермоқда "Ассошиэйтед Пресс" ахборот агентлиги.  

АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотларига кўра, Трампнинг ушбу курорт шаҳарга февралдаги парвози 670 минг доллар, мартдаги иккинчи парвози эса 612 минг долларга тушган. Кўрсатилган сумма ичига АҚШ махфий хизмати ишига ва Пентагон тақдим қиладиган ёрдамчи автомобилларни ташиш учун харажатлар киритилмаган.

Бу маълумотлар Judicial Watch ташкилоти томондан чоп этилган ҳужжатларда келтирилган. Бу ташкилот президент сафарлари учун сарфланадиган харажатларни ўрганиш билан шуғулланади. Ташкилотнинг айтишича, бу харажатларнинг аксарият қисми солиқ тўловчилар гарданига тушади.

Трамп 5 май куни твиттерда тежамкорлик мақсадида бу дам олиш кунлари Нью-Йоркка бормаслигини маълум қилган.

"Нью-Йоркда алғов-далғовга сабаб бўлиш ўрнига, мен бу дам олиш кунлари Нью-Жерсидаги Бедминстерда жойлашган уйимдан ишлай қоламан. Ва шу билан мамлакат пулларини тежай қоламан", деб ёзган Трамп.

Трамп ўзининг Мар-А-Лаго қароргоҳига боришига бюджет маблағлари сарфланиши учун танқид қилинади. Трампнинг ўзи бу масканни ўзининг қишки Оқ уйи деб атайди. Президент маъмурияти Трампнинг рафиқаси ва кенжа ўғли Оқ уйга кўчиб ўтмай, ўқув йили охирлагунча Нью-Йоркда қолганлари учун ҳам танқидларга учрайди. ОАВ маълумотларига кўра, Нью-Йоркда Трамп оиласи хавфсизлигини таъминлаш учун ҳар куни полиция бошқармаси томондан 127-146 минг доллар сарфланади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид