00:04 / 10.05.2017
6030

Мун Жэ Ин ярим тунга келиб Корея президентлик сайловларида етакчилик қилмоқда

Сешанба куни Жанубий Кореяда муддатидан аввал бўлиб ўтаётган президентлик сайловларида ярим тунга келиб демократ Мун Жэ Ин 36,5 фоиз сайлов участкаларидаги сайлов бюллетенлари саноғидан сўнг 39,5 фоиз овоз тўплаб етакчилик қилмоқда, деб хабар беради Ёнҳап агентлиги.

Агентликнинг маълумотларига кўра, Корея консерватив партияси вакили Ҳонг Жун-пё 26,6 фоиз овоз тўплаган.

Сайловларда ғалаба қозонганини эълон қилар экан, Мун Жэ Ин Сеул марказидаги Кванҳвамун майдони дарвозаси олдида чиқиш қилди.

«Эртага мен мамлакат президенти бўламан. Мени ушбу сайловда қўллаб-қувватламаганлар учун ҳам ягона президент бўламан», — деди Мун Жэ Ин. У мамлакат фуқароларининг «чин эзгу орзулари»ни унутмаслигини ваъда қилган.

Чоршанба куни эрталаб Жанубий Корея МСК сайловда ғолиб чиққан номзод номини эълон қилади ва янги президент дарҳол ўз ваколатидан фойдаланишга киришади.

Илгарироқ Мун Жэ Ин «янги Корея»ни яратиш учун дарвозаларни очишини таъкидлаган эди, Жанубий Корея оммавий ахборот воситалари турли рамзларни шарҳлашга киришиб кетишди, чунки «Мун» фамилияси корейс тилидаги «мун» (дарвоза, эшик) сўзларига ўхшаш.

Ёнҳап агентлигининг хабарига кўра, Мун Жэ-иннинг рақиблари аллақачон мағлубиятни тан олишган.

Ушбу сайловлар коррупция можароларига аралашиб қолган собиқ президент Пак Кин Ҳэга импичмент эълон қилиниши ва унинг қудратдан кетказилиши натижасида муддатидан олдин ўтказилмоқда.

Top