Фан-техника | 09:00 / 15.05.2017
6694
2 дақиқада ўқилади

Microsoft: “WannaCry вирусининг ҳужумига МРБ ва Миллий хавфсизлик агентлиги айбдор”

Фото: ntv.ru

WannaCry товламачи-вирусининг оммавий ҳужуми, АҚШ МРБ ва Миллий хавфсизлик агентлигининг ўз манфаати учун дастурий таъминотдаги камчиликлар ҳақида маълумот йиғиши туфайли рўй берди. Бу ҳақда Microsoft президенти Брэд Смит маълум қилган.

«Биз МРБ томонидан йиғилган камчиликлар ҳақида маълумот WikiLeaks’да эълон қилинганини кўрдик, энди эса МХАдан ўмарилган маълумотлар бутун дунё бўйлаб фойдаланувчиларни қамраб олди», - дейилади корпорация сайтида жойлаштирилган хабарда.

Смит рўй берган ҳодисани «армиядан бир нечта "Томагавк" ракеталарининг ўғирланиши» билан таққослади ва киберҳужумни хавотирли қўнғироқ сифатида қабул қилишга чақирди. Microsoft раҳбарининг фикрича, дастурий таъминотдаги камчиликлар ҳақида махсус хизматлар эмас, балки фақатгина ишлаб чиқарувчилар билиши керак.

Замонавий дунёда WannaCry ҳужуми «кибертаҳдиднинг иккита жуда жиддий шакли – давлат ва жиноий гуруҳлар хатти-ҳаракати ўртасида хавотирли боғлиқликни кўрсатиб берди», дея ҳисоблайди Microsoft президенти.

WanaCrypt0r 2.0 товламачи-вируси маълумотни шифрлайди ва 300-600 доллар атрофида пул тўлашни талаб қилади. The Financial Times манбалари хабарига кўра, вирус яратувчилари АҚШ МХАнинг Eternal Blue зарарли дастурини унга асос қилиб олишган. Дастур 12 май куни кенг тарқала бошлади ва дунёнинг 74 давлатидаги ўн минглаб компьютерни қамраб олди. Экспертлар фикрича, бу тарихдаги энг кенг кўламли киберҳужумдир.

Мавзуга оид