Фан-техника | 19:03 / 17.05.2017
57876
2 дақиқада ўқилади

Аҳоли қайси алоқа операторининг мобил хизматидан кўпроқ шикоят қилмоқда?

17 май куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Халқаро пресс-клуб ҳамкорлигида 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши, АКТ соҳасининг ривожланиш ҳолати ва истиқболдаги режаларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.  

Тадбирда телекоммуникация инфратузилмасининг муҳим қисми бўлган мобил алоқа абонентлари сони 21.4 млн нафарга етгани маълум қилинди. 

Ўзбекистон ҳудудларини мобил алоқа сигналлари билан қамраб олиш учун 2017 йилнинг апрель ҳолатида жами 18.3 мингта мобил алоқа база станциялари ўрнатилган. 2017 йил давомида бу рақам 20 мингдан ошади.

Шунингдек, анжуман давомида мобил алоқанинг сифати юзасидан порталга келиб тушган шикоятлар статистикаси ҳам айтиб ўтилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси - PM.gov.uz порталига мобил алоқа устидан 112 шикоят, Билайн алоқа операторига 196, Ucell'га 149, UMS'га 75, UZMOBILE'га 69, PERFECTUM'га 10та ариза келиб тушган. 

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг виртуал қабулхонасида эса мобил алоқалар бўйича шикоятларнинг сони 15та (Билайнга 32, Ucell'га 23, UMS'га 11, UZMOBILE'га 9, PERFECTUM'га 3)ни ташкил этади.

Мавзуга оид