09:52 / 18.05.2017
16964

Фарғона ва Жиззахда видеоқароқчилар фош қилинди

Фарғона вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида муаллифлик ҳуқуқларини қўпол равишда бузишга уринган қўштирноқ ичидаги қароқчи тадбиркорлар фаолияти фош қилинди. Бу ҳақда Кун.uz’га Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига “Фарғона” чегара божхона пости орқали кириб келган Ўзбекистон фуқароси Д.Раҳмонов бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашина белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, автомашинанинг яширин жойларига хорижда ишлаб чиқарилган 5400 дона СD дисклар яширилганлиги аниқланди. 

Қонунбузар келгусида турли фильм ва концертларни ноқонуний усулда кўпайтириш учун мўлжалланган ушбу дискларга тегишли биронта ҳам ҳужжатларни божхоначиларга тақдим қила олмади. 

Жиззах вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳам ҳамкорликдаги тадбирлар давомида контрафакт дискларнинг ички бозорларимизда ноқонуний сотилишига доир ҳолатларни фош қилишди. Хусусан, Жиззах туманида фуқаро Акмал Қосимовнинг ноқонуний қилмишига чек қўйилди.
       
Амалдаги тартибларга мувофиқ унинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, бу ерда ҳеч қандай ҳужжатларсиз, тегишли давлат идораларидан лицензия олмасдан туриб, турли фильм, концерт ва бошқа мавзудаги материаллар уй шароитида кўпайтириб, сўнгра бозорларга чиқариб келингани аниқланди.

Тезкор тадбир давомида хонадонда 3135 дона ҳар хил форматдаги турли телесериал, бадиий ва жангари фильмлар, клип, концерт ҳамда қўшиқларни контрафакт усулда DVD ва CD дискларга ёзиб, сотиш учун тайёрлаб қўйилгани ҳамда уларни кўпайтириш учун ишлатилган комьпютер жамланмалари ва ҳар хил рангли бўёқлар ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Top