Ўзбекистон | 09:14
835
1 дақиқада ўқилади

Контрабанда йўли билан олиб кирилган 24 кг гашиш ушланди

Фарғона водийсида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши ўтказилган тезкор тадбир давомида қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб кирилган йирик миқдордаги наркотик модда фош этилди.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ички ишлар ва божхона идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, олдиндан кузатувга олинган шахс қўлга олинди. Аниқланишича, Марғилон шаҳрида яшовчи, 1973 йилда туғилган ва муқаддам наркожиноят содир этганлиги учун судланган шахс ўзининг қирғизистонлик танишлари томонидан Хўжаобод туманидаги хуфия жойга яшириб кетилган 24 кг 475 грамм “гашиш” моддасини қабул қилиб олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 28,246-моддаси (контрабанда) 2-қисми ҳамда 25,273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда, жиноий шерикларнинг шахсига аниқлик киритилмоқда.

Фуқароларга шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келганда Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақамига мурожаат қилиш тавсия этилди. Шахс сир сақланиши кафолатланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид