Жаҳон | 08:35 / 18.05.2017
13481
5 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея америкаликларнинг аксилракета мудофаа тизимидан воз кечиши мумкин

Фото: AFP 2017 / Yonhap

Жанубий Кореядаги ҳукмрон демократик партия мамлакатда АҚШ мутахассислари томонидан ўрнатилган THAAD ракеталарни ушлаш тизимини бекор қилиш имкониятини ахтармоқда, деб ёзади РИА Новости таҳлилчиси Кирилл Гашков.

Ҳарбий комплексга демократлар фракциясининг парламентдаги раҳбари Ву Вон Сик қарши чиқди. Сиёсатчининг сўзларига кўра, бир неча ҳафта муқаддам THAAD ўрнатилишида «ички юридик жараёнлар»га риоя қилинмаган. THAAD ҳам шошма-шошарлик билан ўрнатилган: ўшанда президентлик пойгаси етакчиси, ҳозирда президент бўлиб турган Мун Же-Ин аксилракета тизимлари ўрнатилишини маъқулламаслигини эълон қилганди.

© AP Photo / U.S. Force Korea

Жанубий Кореяда Америка аксилракета мудофаа тизимига қарши чиқиш учун камида икки сабаб бор. Биринчиси — республиканинг муҳим савдо-иқтисодий ҳамкори бўлмиш Хитойнинг эътирози. Ўнлаб йиллар мобайнида Пекин ва Вашингтон ўртасида икки тарафлама мувозанат ўрнатувчи ташқи сиёсат стратегиясини қўллаб келган. Иқтисодий жиҳатдан Жанубий Корея Хитой томон талпинса, сиёсий жиҳатдан Американи қўллаб-қувватлайди.

THAAD’нинг ўрнатилиши бундай усталик билан олиб борилаётган стратегияни хавф остига қўйди. Пекин ўз чегаралари яқинида аксилракета мудофаа унсурлари пайдо бўлганидан эътироз қила бошлади. Хитойликлар корейсларнинг иқтисодий манфаатларига зарба беришга тайёр эканликларини яширмаяпти. Пекин томонидан қўллаб-қувватланаётган фуқаролик бирлашмалари Жанубий Корея маҳсулотларини бойкот қилишни бошлаб юборишди. Ҳаттоки, Хитойда жуда машҳур корейс поп-мусиқаси ҳам тақиққа учради.

Пекин THAAD’нинг ўрнатилиши Хитойнинг мустақил ҳудудида жосуслик ишлари олиб борилиши учун замин яратишига Сеулни ишонтира олди. ХХР масалани кўндаланг қўя олиши мумкин, чунки корейслардан фарқли ўлароқ, савдо алоқаларига ўта боғланиб қолмаган.

Аксилракета тизими ўзи кимдан ҳимоя қилади? 

THAAD’га қарши чиқишнинг иккинчи сабаби — ушбу тизимнинг етарли даражада самарали эмаслигидир. Жанубий Корея пойтахти Сеулнинг давлат чегарасига ўта яқинлигидан, аксилракета тизими ушбу мегаполис аҳолисини ҳимоя қилолмай қолиши мумкин. Фақат америкаликларнинг ҳарбий базалари ва мамлакатнинг энг жанубида жойлашган мегаполис — Пусан шаҳри аксилракета тизими соябони остида бўлиши мумкин. Буларнинг бари эса бош масала — КХДР ҳужум бошлаб қолса хавфсизликни таъминлаш учун аниқ етарли эмас. 

Моҳиятан, ушбу тизим аввало америкаликларнинг ўзларига керак. АҚШ ҳарбий таҳлилчилари Шимолий Корея қўшинлари ярим оролнинг жанубига ҳужум қилиш имкониятини кўриб чиқишмоқда. Агар уруш бошланса, Америка ҳарбий базалари жойлашган ҳудуддан ярим оролни қайта қўлга киритиш операцияси бошланиши мумкин — THAAD айнан мана шу стратегик ҳудудни кўпроқ ҳимоя қилади. 

Сеул аҳолисини бундай ёндашув қониқтирмайди, албатта. Жанубий кореяликларнинг фикрича, шимолликлар ҳужум қилганда ҳам буни америкаликларнинг огоҳлантирувчи зарбасидан сўнг амалга оширишади. Яъни америкаликлар жанубликлардан фарқли ўлароқ, THAAD ҳимояси остида бўлишади. Американинг йирик National Interest журнали бежизга Сеулнинг позициясини ҳам ҳисобга олиш, Америка аксилракета тизимлари етарли даражада самарали эмаслигига иқрор бўлишга чақирмаяпти. 

© REUTERS / News1/ Lee Jong-hyeon

Трампнинг уйдирмаси

Ўз бошидан мураккаб даврларни кечираётган Жанубий Корея–АҚШ муносабатлари АҚШ президенти Дональд Трампнинг олдиндан айтиб бўлмайдиган сиёсати туфайли жабр кўрмоқда. Америка етакчиси корейсларни таажжубга тушириб, Сеулни «кўрсатилаётган хизмат» учун тўлаб қўйишга мажбурлади ва THAAD’ни ўрнатиш ҳақидаги битимга ўзгариш киритишга уриниб кўрди. Вашингтон томонидан эълон қилинган ҳисоб ҳам чакана эмас — бир миллиард доллар! Жанубий Кореяда, албатта, қаттиқ эътироз вужудга келди ва унинг оқибатлари ҳам олдиндан айтиб бўлмас даражада эди: америкаликлар ҳам ўз қарорларидан шубҳаланиб, масала юзасидан фикрларига кўра бўлиниб қолишди.

Давлат раҳбарининг ёрдамчиси Ҳерберт Макмастер ўз бошлиғининг гапларини рад этиб, Қўшма Штатлар корейслардан пул талаб қилмаслигини баён этди. Агар Bloomberg’га сизиб чиққан маълумотга ишонадиган бўлсак, Трампнинг бундан жуда ғазаби қайнаган. Давлат раҳбари ростдан ҳам ўз аксилракета тизими учун корейсларни «тўлаш»га мажбурлаб, ташқи сиёсатдаги харажатларда жиддий иқтисод қилишни мўлжаллаган экан. 

Трампнинг корейсча тактикаси бу сиёсатчи учун характерли бўлган уйдирма сиёсатга тўлиқ мос келади. Бироқ, Америка давлат арбобининг ўз қўлидан келмайдиган нарса билан қўрқитиб қўйиш услуби аллақачон машҳур бўлиб улгурди. Энди бунақа ишлар фойда келтирмаяпти.

Мавзуга оид