Жаҳон | 12:40 / 19.05.2017
16387
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Усмонов Навальнийни судга беришни Кремль билан мувофиқлаштирган

Фото: РИА "Новости"

Миллиардер Алишер Усмонов ўзини пора беришда айблаган мухолифатчи Алексей Навальнийни судга бериш ҳақидаги қарорни Кремль билан мувофиқлаштириб олди. Бу ҳақда РБК номи ошкор этилмаган федерал амалдорга асосан хабар берган.

Шу билан бирга, Усмоновнинг 12 дақиқалик видеомурожаати миллиардернинг шахсий ташаббуси бўйича ёзилган ва ҳеч ким билан бу борада маслаҳат қилинмаган, дея таъкидлаган агентлик суҳбатдоши. Ролик Усмоновнинг яхтасида, айфон телефонига ёзиб олинган.

Усмонов вакиллари РБК муҳарририятига унинг сўзларини тасдиқловчи бир неча ҳужжатлар билан танишиш имконини тақдим этишди. Хусусан, улар журналистларга Усмонов собиқ Иттифоқ даврида фирибгарлик ва пора учун қамалганини тасдиқловчи ҳужжатларни беришган. РБКнинг ёзишича, ҳужжатларда зўрлаш учун судланганлик ҳақида ҳеч нарса йўқ.

Алексей Навальнийнинг коррупция билан кураш фонди март бошида Россия бош вазири Дмитрий Медведевнинг кўчмас мулки ҳақидаги суриштирувни эълон қилди. Унда айтилишича, Усмонов Медведевга яқин бўлган жамғармага пора сифатида ҳудудида уй бўлган ер майдонини берган.

Алишер Усмонов бу айбловни рад этди ва Навальнийни судга беришга қарор қилди. Бу борадаги суд эшитувлари 30 май куни бошланади.

Эслатиб ўтамиз, кеча Алишер Усмонов Навальнийга видеомурожаат билан чиққани, бироздан кейин эса Навальний унга жавоб қайтаргани ҳақида хабар бергандик.

Мавзуга оид