Жамият | 11:54 / 22.05.2017
15723
3 дақиқада ўқилади

Хоразмда SMS-хабар туфайли танишини пичоқлаган шахс жазога тортилди

Фото: Flickr/Japanexperterna.se

1985 йилда туғилган Ўктам Сапаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Қозоғистон Республикасига чиқиб келгач, турмуш ўртоғининг қўл телефонидаги кириш-чиқиш қўнғироқлари ва  SMS-хабарларини текшира бошлади-ю, бир хабар унга шубҳали туюлди. Таниши Д.Тоировдан келган хабардаги “билдирмай орқага ўт, телефон ураман” деган ёзувни ўқиб, Ўктамнинг тепа сочи тикка бўлди. Ўзини қўярга жой топа олмай, аёлим билан Даврон ўртасида бир гап бор, деган гумонга борди. Гумон эса иймондан айирар, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Турмуш ўртоғини чақириб, ушбу хабарга изоҳ беришини сўраганида, “эртага гаплашамиз”, деган мазмунда жавоб қайтаргани дард устига чипқон бўлди. Ҳаммаси равшан, хотини билан Даврон... Бу ўй унга тинчлик бермади. Йўқ, бу масалани ҳал қилмаса бўлмайди.

У шошилиб йўлга тушди. Йўл-йўлакай ошхонадан сариқ дастали пичоғини олиб, қўйнига солди. Бу пайтда соат тунги иккига яқинлашган эди.

Ярим кечада дарвозанинг тақиллаши Рашид акани бироз чўчитди. Зайнаб опа иккаласи югуриб ташқарига чиқишди. Эшик олдида ўттиз ёшлардаги йигит турарди. Маст ҳолатдаги йигит Давроннинг оғайниси эканлигини, у билан ҳисоб-китоби борлигини айтди. Она ўғлини уйғотиб чиқди. Орадан кўп вақт ўтмай, ўғлининг қичқирган овози эшитилди.

-  Сен нега хотинимга смс ёзасан? Унда нима гапинг бор? – Ўктам шундай дея унинг қорнига пичоқ тиқиб олди. Даврон жон ҳолатда орқага қочди ва темир бўлаги топиб келиб, Ўктамнинг оёғига урди. Оғриқ зарбидан Ўктам Давронни ўлдириш ниятига ета олмади. 

Эртаси куни аён бўлдики, бу хабар Ўктамнинг турмуш ўртоғига эмас, унинг опасига ёзилган бўлиб, у Даврон билан анчадан буён учрашиб юрган экан.

Қаранг-а, ўйламай қабул қилинган қарор, қизиққонлик оқибатида бир инсоннинг ўлиб кетишига бир бахя қолди.

Шуни ёдда тутмоқ керакки, бўлмағур хабарларни ёзиш, хуфиёна учрашиш, оила соҳибларининг бир-бирига ишончсизлигини кўнгилсиз оқибатларга олиб келади. Ўктамнинг турмуш ўртоғи ўз вақтида хабарга ойдинлик киритганида, воқеалар бу қадар ривож топмаган бўлармиди, деган ўйга борасан, киши.

Афсуски,  SMS-хабарлари, нотаниш рақамлардан бемаҳал қилинаётган қўнғироқлар, турли ижтимоий тармоқлардаги нотаниш кимсалар билан мулоқотлар натижасида бу каби можаролар кўплаб содир бўлмоқда. Айрим оилаларга дарз кетиб, турмушдан ажрашиш ҳолатлари ҳам рўй бермоқда, гулдек фарзандлар тирик етим бўлиб қолмоқда.

Ў.Сапаев суд ҳукми билан тегишли жазога тортилди.

Мавзуга оид