Фан-техника | 14:55 / 24.05.2017
8644
4 дақиқада ўқилади

Жаҳон ноутбуклар куни: Microsoft, Lenovo ва Huawei тақдимотлари

Бугун бирйўла уч компания ўз ноутбукларини намойиш қилди - Microsoft, Lenovo ва Huawei. Уларнинг ҳар бири ўзига хос жиҳатларга эга. Hi-Tech сўнгги ноутбуклар ҳақидаги батафсил маълумоти билан бўлишди.

Microsoft Surface Pro'ни янгилади

Бугун Microsoft Surface Pro ноутбукини янгилади. Асосий янгиланишлар қурилма "капоти остида" кечди. 

Янгиланган ноутбук (ёки планшет) Intel Kaby Lake процессорига эга бўлди. Шунингдек, Microsoft'да таъкидланишича, автоном фаолият вақти 13,5 соатгача оширилган. 

Бундан ташқари, Surface кўк, бордо, тилларанг ва кулрангларда Surface Laptop мисолидаги алькантра клавиатурасига эга бўлди. Афтидан, Microsoft бу материалга, шунингдек USB классик портларига  жиддий қизиқиб қолган кўринади - янги қурилмада USB C бўлмайди. 

Янгиланган Surface Pen янги ноёб ранглардаги вариантларида ҳар қандай ҳолатга мослашувчан ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга энди планшет экранида Surface Dial ҳамда Surface Studio'ни қўллаш мумкин.

Янги Surface Pro'ни 15 июндан қўлга киритиш имкони пайдо бўлади. Унинг бошланғич нархи - 799 доллар. Шуни таъкидлаш жоизки, клавиатура алоҳида сотилади -  алькантра муқова учун 159 доллар ёки оддий қора клавиатура учун 129 доллар тўлашга тўғри келади. Surface Pen эса 99 долларга тушади. 

Lenovo янги IdeaPad ноутбуклар туркумини намойиш этди

Lenovo компанияси бугун жаҳон бозорига Lenovo IdeaPad янгиланган қаторининг бирйўла олтин ноутбукни намойиш қилди. Уларнинг орасида янгиланган моделлар мавжуд - IdeaPad 720, 520 ва 320. Шунингдек ингичка ва енгил ноутбуклар серияси ҳам тўлдирилмоқда — IdeaPad 720S, 520S ва 320S. Энг ингичка моделлардан бири IdeaPad 520S - 19,3 миллиметр қалинликда. 

Шунингдек IdeaPad янги туркумида янгиланган клавиатура тақдим этилган. Янги қурилмалар Microsoft Precision Touchpad сенсор панелига эга бўлди. 

IdeaPad 720S флагмани Intel Core i7 процессори ҳамда Thunderbolt 3 интерфейси билан таъминланади. Шунингдек серия бармоқ излари датчики ва сенсор экран билан тақдим этилади. IdeaPad 520 ва 520S қурилмалари еттинчи авлод Intel процессори билан таъминланди - Intel Core'дан тортиб то NVIDIA GeForce 940MX графикигача. IdeaPad 320 ва IdeaPad 320S бюджет моделлари турли хил ранг вариацияларида тақдим этилади. Сифатли материаллар ва ишлов ваъда қилинди. 

Lenovo геймерлар учун янги 17 дюймли Lenovo Legion Y920 ўйин ноутбукини бозорга олиб чиқади, у VR-контент билан ишлаш учун сертификатланган. Модель еттинчи авлод Intel процессорлари билан таъминланган.

Huawei рақиби MacBook'га янада яқинлашди

Ўтган йили Huawei томонидан намойиш қилинган MateBook "иккиси бирда" сенсор қурилма бўлган, лекин ўша пайтнинг ўзидаёқ кўпчилик уни Apple'нинг MacBook'ига ўхшатган эди. Бугунги янгиланишдан кейин MateBook X клавиатурали планшет мақомидан кечди ва MacBook'га ўхшашлик янада яққол кўзга ташланмоқда. 

Янги MateBook ингичка, енгил ва шовқинсиз (вентиляторларсиз) бўлиб, 2K экранга эга бўлди. Huawei қурилмада аэрокосмик соҳасида кенг қўлланувчи совутиш технологиясини қўллади. MateBook X профили ихчам ва ингичка бўлишига қарамай, еттинчи авлоднинг кучли Intel Core i7 ёки i5 процессорлари линейкаси билан тақдим этилади. 

MateBook X нархлари - 1399-1699 доллар атрофида, янги қурилма 2017 йилнинг ёзида сотувга чиқади. 

Huawei'да таъкидланишича, MateBook X — Dolby Atmos Sound System функцияли ва  Dolby билан ҳамкорликда ишланган динамикли илк ноутбук. Ишлаб чиқарувчилар шунингдек бармоқ излари датчикини Windows аутентификациясини қўлловчи қувватланиш тугмасига интеграциялашди. MateBook X уч хил рангда ишлаб чиқарилади: Prestige Gold, Space Grey ва Rose Gold.

Мавзуга оид