20:08 / 27.05.2017
6264

Швейцарияликлар давлатларининг НАТО ва Европа Иттифоқига киришини исташмаяпти

Фото: News Front

Швейцария фуқароларининг аксарияти давлатларида олиб борилаётган дахлсизлик сиёсати ва иқтисодий мустақилликни қўллаб-қувватлайдилар. Швейцариянинг 19 фоиз аҳолиси мамлакатнинг НАТОга, 15 фоизи эса Европа Иттифоқига киришини истамоқда. Бундай маълумотлар Бернда чоп этилган "Хавфсизлик 2017" ҳисоботида келтирилган.   

2016 йилга нисбатан ЕИга қўшилмоқчи бўлганлар сони 1 фоизга, яъни 15 фоизгача, ЕИ билан яқинлашиш тарафдорлари эса 4 фоизга, яъни 31 фоизгача камайган ва бу мамлакатда қайд қилинган энг паст кўрсаткичлардир. Шу билан бирга Швейцариянинг 81 фоиз аҳолиси ЕИ билан иқтисодий ҳамкорликни қўллаб-қувватламоқдалар.  

НАТОга кириш борасида эса, 2016 йилдаги каби, швейцарияликларнинг 19 фоизи розилик билдирган. Шу билан бирга мамлакатнинг дахлсизлиги принципини 95 фоиз аҳоли қўллаб-қувватламоқда. 
 
Умумий ҳолда 73 фоиз швейцарияликлар дунёда хавфсизлик соҳасида ривожланиш истиқболларини салбий баҳолашган. Шу билан бирга 93 фоиз аҳоли ўзини хавфсиз ҳисобламоқда. 2016 йилга нисбатан аҳолининг давлат институтлари ва матбуотга ишончи 0,1 баллга, яъни 10 баллик шкаладан 6,7 баллгача ошган. Бунда аҳоли полиция (7,9), судлар (7,4) ва ҳукуматга (7,1) энг катта ишонч билдирган.

Ушбу маълумотлар 1209 респондент ўртасида ўтказилган сўровнома асосида олинган. Мутахассисларнинг фикрича, жорий йилда фуқароларнинг жавобларига бир қатор омиллар таъсир кўрсатган.

Муаллифлар бундай омиллар орасида 1-ўринга "Россия ва ЕИ ўртасида Украинадаги вазият сабабли доимий кескинлик"ни қўйишган. Респондентларнинг фикрларига, шунингдек, Европадаги қочқинлар борасидаги баҳслар ва Буюк Британиянинг ЕИдан чиқиши, Берлин ва Истанбулдаги терактлар, Швейцария армиясининг Давос анжуманида хавфсизликни таъминлаши каби омиллар ҳам таъсир кўрсатган.

Top