11:15 / 02.06.2017
15201

Уйида қурол сақлаган 70 ёшдан ошган шахс фош этилди

Фото: Fotolia

Ўтган йилнинг февраль ойида Учқўрғон туманида яшовчи фуқаро Лазиз Носиров қонунга хилоф равишда иш тутади. У ўз хонадонидаги шкафда турли хилдаги ўқотар қуроллар ва унинг эҳтиёт қисмларини ҳеч қандай махсус рухсатномасиз яширинча сақлайди. Ҳолбуки, бу шахс ишининг қонунга хилоф эканлигини жуда яхши биларди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

ИИБ ходимлари томонидан Л.Носировнинг яшаш хонадонида тинтув ўтказилганида, уйидаги мебель ичидан қўлбола усулда тайёрланган ўқотар қурол, 69 дона қурилиш ва “Старт” тўппончаси учун ишлатиладиган патронлар, бундан ташқари, 2 дона спорт ва ов қуроли патрони гильзалари, 3 дона қурилиш ва “Старт” тўппончаси учун ишлатиладиган 5,6 мм. калибрли пахтавон (бўш) патронлар топилди.

Суд мажлиси жараёнида Л.Носиров ўз қилмишини оқлаш учун ўқотар қуроллар бўйича тажрибаси ва билими етарли эканлигини, ўзи тайёрлаган қўлбола ўқотар қуролдан фақат мотор ускуналарини таъмирлаш учунгина фойдаланганини тушунтиришга уриниб кўраркан, уларни ўзида сақлаш қонунга мувофиқ тақиқланганидан хабари бўлганини ҳам айтиб ўтди. Қонунни билмаган ҳолда бузиш жиноят, аммо уни била туриб четлаб ўтиш ундан-да оғир жиноятдир. Гарчи у бу қуроллардан ёвуз ниятларда фойдаланмаган ва бу қилмишининг ижтимоий хавфлилик даражаси у қадар юқори бўлмаса-да, била туриб белгиланган қонуний меъёрни бузгани ва уларга беҳурматлик қилишга ботинганининг ўзи катта жиноятдир. Ҳар ҳолда, ёши 70 дан ошган Л.Носиров унинг уйидаги қурол ногоҳ қайсидир ёвуз ниятли кишининг ёки ёш боланинг қўлига тушиб қолса, оқибати фожиавий тус олиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрса бўларди.

Л.Носиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.  

 

Top