Ўзбекистон | 15:41 / 13.06.2017
5398
2 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазири БМТ Бош котибининг махсус элчиси билан учрашди

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги ОИВ/ОИТС масалалари бўйича махсус элчиси Мишель Казачкин билан учрашди. Бу ҳақда Кун.uz’га Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди. 

Мулоқот чоғида А.Шодмонов Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг миллий модели ва ушбу масалага давлат даражасида қаратилаётган эътибор хусусида маълумот бериб, репродуктив саломатлик, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликлар, шунингдек, сифатли ва хавфсиз дори воситалари билан таъминлаш масалаларига самарали ва халқчил ечим топилаётганини айтиб ўтди. 

БМТ Бош котибининг махсус элчиси М.Казачкин Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасида қисқа вақт ичида эришилган натижаларни юқори баҳолаб, бунда соҳада қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар ва албатта, давлат ҳам мазкур вазифаларга нисбатан кучли сиёсий мажбурият кўрсатаётганини эътироф этди. Шунингдек, у Ўзбекистон Президентининг соҳани ривожлантиришга қаратилган Фармон ва қарорларининг амалий аҳамиятини юқори баҳолаб, унда халқ манфаати, инсон саломатлигини сақлаш устувор мақсад сифатида қўйилганини алоҳида қайд этди.   

Учрашув давомида икки томон ҳам ўзаро манфаатларни ҳимоя қилувчи кўп томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ҳар доим тайёр эканлигини билдириб ўтди. 

Мавзуга оид