10:28 / 14.06.2017
4430

Малайзия ИШИД хавфи туфайли минтақа ҳаво ҳудудини патруллашни таклиф қилди

Малайзия Жануби-Шарқий Осиё давлатлари уюшмаси (АСЕАН) бўйича ҳамкорларига террорчилик хавфига қарши курашиш мақсадида минтақа ҳаво ҳудудини биргаликда патруллашни бошлашни таклиф қилди. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Ҳишомуддин Ҳусайнга иқтибос келтирган ҳолда The Straits Times нашри хабар бермоқда

"Биз бу ерга ИШИД жангариларини келтирмаслик учун барча ишни қилишимиз керак. Яқин вақтда биз Сулу ва Сулавеси денгизларини патруллашни бошлаймиз", деб айтган Ҳусайн.

Малайзия Индонезия ва Филиппин билан бирга денгизни патруллашни 19 июндан бошламоқчи. Патруллашнинг асосий вазифаси тижорат кемаларига ҳужум қилиш ҳолатлари олдини олиш ва Филиппиннинг жанубий ҳудудларидан террорчиларнинг бостириб киришига йўл қўймасликдан иборат бўлади. Ҳусайннинг айтишича, сўнгра ҳавони патруллашни бошлаш мумкин.  

"Агар вазиятни назоратга олмаса, унда нафақат АСЕАН минтақаси, балки баъзи қўшни давлатлар, масалан, Австралия, Хитой ва Янги Зеландия жабр кўриши мумкин", деб қўшимча қилди вазир.

Индонезия ва Малайзия қуролли кучлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари Филиппиндаги қўшни ҳудудларда ИШИД билан боғланган "Мауте" террорчилик гуруҳи жангарилари билан Филиппин ҳукумат кучлари ўртасида юз кечган тўқнашувлардан кейин юқори жанговар ҳолатга келтирилганди.

АСЕАН таркибига Бруней, Вьетнам, Индонезия, Камбожа, Лаос, Малайзия, Мьянма, Сингапур, Таиланд ва Филиппин киради.

Top