Нақдлаштириш машаққатлари: Нега Ўзбекистонда сўмни «нақдлаштириш» жуда қийин?
Пулни нақдлаштириб олиш — Ўзбекистонда пластик карта эгаларининг асосий муаммоларидан бири саналади. Буни қонуний йўл билан амалга оширишнинг амалда иложи йўқ. Аҳоли эса кўп ҳолатларда нақдлаштирилаётган пулнинг 10 фоизини хизмат ҳақи сифатида ушлаб қолувчи «нақдлаштирувчилар» хизматидан фойдаланишга мажбур. Маблағларини нақдлаштириш масаласи бизнес эгаларининг ҳам олдида турган жиддий масала ҳисобланади, улар ҳам «нақдлаштириш»нинг турли схемаларидан фойдаланишга мажбурдирлар.
UZ24 мустақил молиявий эксперт Александр Давлетовга мурожаат қилиб, мамлакатда нақд пул етишмовчилигига ўз таъсири кўрсатаётган сабабларни санаб ўтишни илтимос қилди.
Талаб таклифдан ортиқ
Жаҳоннинг нобозор ва энг ёпиқ иқтисодиётларида ҳам бозор қонун-қоидалари барибир ўз сўзини айтади. Бизнинг ҳолатимизда нақд пулга бўлган талаб таклифдан каррасига кўпроқдир, шу сабабли доимий етишмовчилик ва танқисликка гувоҳ бўлмоқдамиз. Танқислик бор эканки, нақд пулнинг чайқов қиймати ҳосил бўлади ва бу халқона тил билан айтганда «фоиз» ҳосил бўлишига олиб келади ва истеъмолчилар ўзларига кўрсатиладиган хизмат учун ҳақ тўлашга мажбур бўлишади.
Пул-кредит сиёсати
Нолинчи йилларнинг ўрталаридан бошлаб Ўзбекистоннинг пул-кредит ҳокимияти инфляцияни бир маромда ушлаб туриш мақсадида пул массасининг муомалага чиқарилишини бюрократик усулларда қисқартиришга ҳаракат қилиб келмоқда. Ёпиқ иқтисодиёт, масалан, Шимолий Кореяда айланмада нақд пулнинг кўпайиши чиндан ҳам инфляцияни ҳаракатга келтирувчи омил ҳисобланади. Бироқ бозор муносабатлари ёки унга босқичма-босқич ўтиш шароитларида бу инфляцияга доир муаммоларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлувчи асосий омил ҳисобланмайди.
Мустақил экспертларнинг умумий фикрича, 2000-йиллардан бошлаб инфляциянинг бош сабаби — монополиялар тарифининг ўсиши ёки харажатларнинг ортиши каби номонетар омиллар ҳисобланади. Монетар омиллар ҳам, албатта, инфляцияга таъсир кўрсатади, бироқ имтиёзли кредитлаш ва паст нобозор фоиз ставкалари (амалда — манфий ставкалар) муомаладаги нақд пуллардан кўра каттароқ инфляцион босим юзага келтиради. Нақд пуллар ҳажмини сунъий камайтириш сиёсатидан воз кечиш ва келгусида уни адекват даражагача ўстириш — бугунги иқтисодий вазиятда Марказий банк янги раҳбарияти учун кун тартибининг ўта критик масаласи ҳисобланади.
Яширин иқтисодиёт
Яширин иқтисодиёт — Ўзбекистон иқтисодий тарихининг энг зиддиятли жиҳатларидан бири ҳисобланади. Бизда ҳануз у чуқур таҳлил қилинмаган ёки унинг устида илмий изланишлар олиб борилмаган. Турли баҳолашларга кўра, яширин иқтисодиётнинг даражаси мамлакат ялпи ички маҳсулотнинг 30 фоизидан 50 фоизига қадар ҳажмга тенг. Бундай иқтисодиёт ҳар доим нақд пулга талабни яратади ва қоидага кўра, пуллар «яширинади» ва қайтмайди. Боз устига, яширин иқтисодиёт шароитларда ўзаро ҳисоб-китоблар «қора нақд пул» деб аталувчи усулда амалга оширилади. Хуфёна иқтисодиётнинг ҳажми қанчалик катта бўлса, нақд пулга бўлган талаб ҳам шунчалик юқори бўлади. Натижада, расмий иқтисодиётда ҳам унинг етишмовчилиги бошланади.
Эркин конвертациянинг йўқлиги
Конвертацияга нисбатан жорий этилган чекловлар сабаб алоҳида импортчилар, айниқса, халқ истеъмоли моллари олиб кирадиганлар ўзининг хорижий валютага бўлган талабини турли йўллар билан қониқтиришга мажбур бўлишади. Нақд валюта харид қилиш учун уларга «қора» бозорда нақд сўм керак бўлади, шу сабабли аксарият ҳолларда кенг истеъмол моллари импортчиларининг товар муомаласи табиий шакли қуйидаги шартли формула бўйича юз беради: «қора бозор»да нақд долларни сотиб олиш — импорт маҳсулотларни нақд сўмга сотиш ва яна нақд доллар харид қилиш.
Бундай схема нақд сўм айланмасига босим ўтказади унинг банкдан ташқаридаги айланмасини кенгайтиради ва нақд пул тақчиллигига сабаб бўлади.
Солиққа тортиш
Қурилиш, савдо ва умумий овқатланиш каби иқтисодиётнинг меҳнат сарфи катта бўлган соҳаларида ойлик маошлар кўп ҳолларда «конверт»да ёки «қўлдан» ҳеч қандай шартномавий муносабатларсиз тўланади. Иш берувчи харажатларни қисқартириш учун ҳамма нарсаларда иқтисод қилишни истайди ва биринчи навбатда — ходимлар тўлайдиган солиқдан. Иш берувчи учун «конверт»да бериладиган маошларнинг устунлиги ўз-ўзидан равшан. У ижтимоий бадаллар, ягона ижтимоий тўлов, даромад солиғи, пенсия ва бошқа ажратмаларда иқтисод қилади. Масалан, иш берувчи ходимига «конверт»да 1 миллион сўм тўласа, у турли солиқларда 500 минг сўм иқтисод қилади. Шу сабабли уларга маблағларни 8-10 фоиз эвазига бошқа бир харажатлар қисми кўринишида нақдлаштирилиб, 25 фоиз ЯИТ, 23 фоизгача даромад солиғи, 8 фоиз пенсия жамғармасига ажратма, 1 фоиз индивидуал тўпланиб борувчи пенсия жамғармаси, 1 фоиз касаба уюшмасига бадал тўлаш ўрнига «қора» маошни тўлаш афзал кўринади.
Иқтисодиётнинг долларлаштирилганлиги (миллий валютада жамғарма функциясининг йўқлиги)
Юқори даражадаги инфляция ва чекланган конвертация туфайли айни пайтда миллий валюта жамғарма функциясини қисман бажармаяпти. Ўзбекистонда кўчмас мулк ёки авто олди-сотди битимлари кўпинча долларда амалга оширилади. Турли тадбирлар, масалан, тўй ўтказиш учун жамғармалар ҳам долларда йиғилади. Айрим ҳолларда эса доллар инвестиция киритиш вариантларидан бири бўлиб хизмат қилади. Жамғармани долларга ўтказиш фақат нақд сўм кўринишида амалга оширилади, ахир пластик карточкага доллар харид қилиб бўлмайди-да.
Бозорга оид бўлмаган хизматлар
Ўзбекистонда картадан нақд пул ечиб олиш унификацияланган тарифлар туфайли барча банкларда текин хизмат саналади. Шу сабабли бирорта банк ўз ихтиёри билан нақд пул бермайди. Пул борасида текин хизмат ҳам бўладими ахир? Хориждаги исталган банкда картадан нақд пул ечиш — пуллик хизмат ҳисобланади ва банклар фойда олиш учун уни жон деб барча мижозларига тақдим этади. Инкассация қиймати бизнинг банкларимизга камида 3 фоизга тушади. Буларнинг барисида ҳали кассирларга, пулни ўраш каби касса чиқим материаллари ва қўриқчиларга тўланадиган харажатлар ҳисобга олинмаган.
Вилоятларда инкассация хизмати янада қимматроққа тушади (абсолют монополия эканлиги туфайли инкассация хизматининг ҳаддан зиёд қимматлиги — яна битта муаммо аслида). Қайси банк шундай шароитларда ўзининг зарарига нақд пулни текинга беради? Яъни банклар картадаги пулнинг нақдлаштирмаётганига сабаб — бу хизматнинг зиёнли эканлигидадир. Банкларга картадан нақд пул ечиб олишга комиссияларни эркин ва чекловларсиз жорий этиш имконияти тақдим этилмоғи керак.
Александр Давлетов,
молиячи-эксперт
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламайди.
Мавзуга оид
13:58 / 25.10.2024
«Пойтахтбанк» БАА компанияси ихтиёрига ўтди
21:13 / 21.10.2024
Россияда банкнинг собиқ раҳбари ўзига 3 млрд рубл кредит ажратиб, Монакога қочиб кетди
11:30 / 17.10.2024
Тошкентда 3 минг доллар эвазига банкдан 100 минг доллар олиб беришни ваъда қилган шахс ушланди
12:10 / 03.10.2024