15:04 / 16.06.2017
14180

Хитойдаги болалар боғчасида портлаш ким томонидан амалга оширилгани аниқланди

Фото: AP

Хитойнинг Цзянсу вилоятидаги болалар боғчасида портлашни 22 ёшли эркак қўлбола портловчи қурилма орқали амалга оширган. Полиция дастлабки терговдан сўнг шундай хулосага келди. Ҳодиса оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди, 60 дан ортиқ инсон жароҳатланди, деб хабар бермоқда Хитой марказий телевидениеси.

Портлаш кеча Сюйчжоу шаҳрининг Фэн уездидаги болалар боғчаси ёнида рўй берди. Сўнгги маълумотларга кўра, саккиз киши ҳаёт билан видолашган, 65 инсон жабрланган, улардан саккиз нафари оғир аҳволда экани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, ҳуқуқ-тартибот ходимлари воқеа жойини кўздан кечириб, видеокузатув камераларидаги ёзувларни ўрганиб, ашёвий далиллар тўплаб ҳамда ДНКни таҳлил қилиб, портлашни Сюйчжоу шаҳрида яшовчи 22 ёшли шахс қўлбола портловчи қурилма ёрдамида амалга оширганини аниқлашди. Унинг ўзи портлаш натижасида ҳалок бўлган.

Полиция қўзғатилган жиноий ишни фош этилган, деб маълум қилди, бироқ жиноятга нима ундагани номаълумлигича қолмоқда.

Top