21:57 / 19.06.2017
18292

Ўзбекистонда 46 фоиз бола ота меҳридан маҳрум – ЮНИСЕФ ҳисоботи

Фото: un.org

Дунёнинг 74 мамлакатида 3 ёшдан 4 ёшгача бўлган болаларнинг ярмидан кўпи, яъни 40 миллион болакай ота меҳридан маҳрум ўсмоқда. Оталар, қоидага кўра, фарзандлари билан кам ўйнашади, баъзан эса кичик ёшли болакайларга умуман эътибор қаратишмайди. Бу вақтда эса ота боланинг эрта когнитив ривожланишида жуда муҳим роль ўйнайди. БМТ Болалар фонди (ЮНИСЕФ) сайтида тақдим этилган янги ҳисоботда шу ҳақида маълум қилинди

Маъруза муаллифлари бу борада тадқиқот ўтказиб, Беларусда – 32 фоиз, Украинада – 29 фоиз, Грузияда – 40 фоиз, Қозоғистонда – 49 фоиз кичик ёшли болалар ота меҳрисиз ўсаётганини аниқлашди. 

Ўзбекистонда эса 3-4 ёшли болакайларнинг 46 фоизи отаси билан ўйнаш имконидан маҳрум. 

Шуниси диққатга сазоворки, ушбу мураккаб даврда болалар она билан бирга отанинг ғамхўрлиги, меҳр-муҳаббати, тўғри овқатланиш, стресс ва зўравонликдан ҳимояланишга ҳам муҳтож бўлишади. 

Дунёга келганидан кейин илк минг кунда боланинг мияси шиддатли суръатларда ривожланади – унда ҳар сонияда мингга яқин янги бирикмалар пайдо бўлади. Улар асосан боланинг кейинги йиллардаги фикрлаш аппарати имкониятларини таъминлайди.  

“Бу рақамлар оталар ҳар доим ҳам ўз фарзандларининг ривожланишида фаол роль ўйнамаслигини кўрсатмоқда”, - деди ЮНИСЕФ вакили Лоуренс Ченди. 

У оталарга ўз болаларига кўпроқ вақт ажратиш, уларга меҳр-муҳаббат улашиш, бирга ўйнаш, китоб ўқиб бериш, ҳикоялар сўзлаб бериш, улар билан бирга қўшиқ айтиш ва расм чизишга ҳалақит берувчи тўсиқларни енгиб ўтишга чақирди. Лоуренс Ченди барча оталарни фарзандининг эрта ривожланишида муҳим роль ўйнашларини ёддан чиқармасликка чорлади. 

Қатор мамлакатларда июнь ойининг учинчи якшанбасида нишонланувчи Оталар куни арафасида жаҳон кино, спорт ва мусиқа юлдузлари ЮНИСЕФнинг “Супер оталар” ташаббусига қўшилишди. “Супер оталар” ташаббуси –боланинг эрта ривожоланиши масаласига эътибор жалб қилишга қаратилган ЮНИСЕФнинг #EarlyMomentsMatter (эрта ривожланиш муҳим) кампаниясининг бир қисми. 

Top