15:57 / 25.06.2017
12723

Hyper chariot транспорт тармоғи 6500 км/соат тезликни таъминлайди

Илон Маскнинг ғоясидан фойдаланиб, ўзининг шахсий вакуум тизимини яратмоқчи бўлган янги компаниялар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпаймоқда. Лекин Hyper Chariot деб аталаётган янги стартап жаҳондаги энг тезкор йўловчи ва юк ташиш транспорти бўлишини ваъда қилиб, янада амбицияли режалар қурмоқда. Чунки муҳандислар томонидан яратилиши мўлжалланаётган «гипераравалар» энг тез ҳаракатланувчи ва энг экологик тоза транспорт бўлиши тайин.

Магнитли рельслар тизимига эга, бетондан ясалувчи вакуумли тунеллар йўловчиларни бекатлар бўйлаб ташиш имконини беради, бу ҳолда одамларнинг ўзлари йўналишларни танлай олишлари мумкин. Ҳар бир капсула ўз бағрига 6 кишини сиғдиради ва 6500 км/соат тезликда ҳаракатлана олади.

Ҳаракатланиш учун энергия қуёш батареялари ёрдамида ишлаб чиқарилади, бироқ ундан ташқари ишлаб чиқарувчилар тормозланиш энергиясидан ҳам фойдаланишни мўлжаллашмоқда. Капсулалар рельс устида учиши учун муҳандислар ниҳоясига етказилган ва тўлдирилган магнитли левитация усулидан фойдаланишмоқчи.

Йўлкира ҳақи ҳам ҳозирдан аниқ: Эдинбургдан Лондонга қадар чипта нархи 1 миллион сўм атрофида бўлади. Буларнинг барчаси қанчалик ажойиб эшитилмасин, барчаси ҳозирча лойиҳа босқичида турибди. Hyper Chariot’дагилар тез орада инвесторлар излаб топиб, уларнинг батафсил чизма ва макетлар билан яқиндан таништиришмоқчи.

Top