Ўзбекистон | 21:56 / 30.06.2017
43020
2 дақиқада ўқилади

Навоий вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари «камолотчи»ни сўккани учун ишдан олинди

Бугун, 30 июнь куни Тошкент шаҳридаги Симпозиумлар саройида «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг навбатдаги Қурултойи бўлиб ўтди. 

Қурултойда чиқиш қилган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Навоий вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосарини йиғилишнинг ўзида ишдан олган.
 
Маълум бўлишича, Навоий вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари подполковник Собиржон Холмуродов «Камолот» ЁИҲ Навоий вилоят Кенгаши раисини ҳақорат қилгани учун лавозимдан бўшатилди.
 
Шунингдек, қурултойда бундан буён вилоят ҳокимлари ва ИИБ бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари «Камолот» ЁИҲ ўрнида янги ташкил этилган Ёшлар иттифоқи тавсияси билан тайинланиши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев «Камолот» ЁИҲ фаолиятини тўхтатиб, уни Ўзбекистон ёшлар иттифоқига айлантиришга қарор қилди. Янги тузилманинг бюджети икки баробарга катталаштирилди. Янги тузилма раиси этиб Қаҳрамон Қуронбоев сайланди.

Тузатиш: Хабарда дастлаб сайт манбасига асосланган ҳолда Навоий вилоят ИИБ бошлиғи Турсунпўлат Тошпўлатов ишдан кетгани ҳақида ёзилганди, эндиликда бу маълумот ўз исботини топмади. Сайт таҳририяти нотўғри маълумот учун ҳозирда ҳам иш фаолиятини давом эттираётган Турсунпўлат Тошпўлатовдан узр сўрайди.

Мавзуга оид