18:57 / 30.06.2017
49208

Ўзбек пахтаси бўйича Президент фармойиши ижросини амалга ошириш бошланди

2017 йил 30 июнь куни Миллий Матбуот марказида “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси томонидан оммавий ахборот воситалари учун “Жаҳон бозорида ўзбек пахта саноати нуфузини янада ошириш борасида Холдинг компания томонидан амалга оширилаётган ишлар” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Жорий йилнинг 28 июнь куни “Пахта бўйича Халқаро консультатив қўмитанинг 76-ялпи мажлиси ва XIII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасини ўтказишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармойиши эълон қилинди.

Фармойишга мувофиқ, «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда пахта бўйича Халқаро консультатив қўмита (ПХКҚ) котибияти билан ҳамкорликда 2017 йил 23-27 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ПХКҚнинг “Глобаллашув ва технологик тараққиёт даврида пахта” мавзусидаги 76-ялпи мажлиси ва XIII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасини ўтказишга тайёргарликни бошлаб юборди.

Юқорида қайд этиб ўтилган йиғилиш ва ярмарка ишида дунёнинг 44 дан ортиқ мамлакатидан 1500 га яқин хорижий меҳмон ҳамда маҳаллий мутахассиснинг иштирок этиши кутилмоқда. Маълум бир мамлакатларда пахта ва тўқимачилик соҳаси ривожланиши, жаҳон пахта бозори тенденциялари, савдо, логистика ва суғурта масалаларига бағишланган 16 га яқин очиқ ва мавзули сессиялар ўтказилиши назарда тутилган. Пахтанинг селекцион навларини яратишнинг генетикаси ва биотехнологияси, пахта етиштириш агротехникаси, уни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш масалалари ҳам кенг муҳокама этилади. Пахтага бирламчи ишлов бериш, пахта толаси сифатини инструментал баҳолаш, уни тўқимачилик йўли билан қайта ишлаш соҳаларидаги муаммо ва ютуқларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Бугунги кунда «Ўзпахтасаноатэкспорт» ХК Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар Стратегиясидан келиб чиқиб, пахтачилик соҳасини ривожлантирши бўйича ўз олдига янги вазифа ва марраларни белгилаб олмоқда. Қайд этиб ўтилган Стратегиянинг асосий йўналишларини амалга ошириш бўйича аниқ ҳаракатлар ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасида пахтачилик соҳасини ривожлантириш Концепцияси” доирасида олиб борилмоқда. Ҳужжатда 16 та базавий йўналишлар бўйича соҳа имкониятларининг тизимли кўрсаткичлари белгилаб берилган, унинг республика иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини ошириш, соҳа корхоналарини модернизация қилиш, илгари хориждан сотиб олинган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, шу мақсадда хориждий инвестицияларни кенг жалб этиш бўйича бажариладиган ишлар ва аниқ мақсадли вазифалар кўрсатиб ўтилган.

Пахта хом ашёсини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, пахтага бирламчи ишлов бериш техника ва технологиясини оптималлаштириш бўйича амалга оширилган тадбирлар натижасида 2016 йилги мавсумда “Олий” ва “Яхши” синфидаги толанинг улуши умумий пахта толасининг 92,0 фоизини ташкил этди, бу эса аввалги йилдаги кўрсаткичдан 10 фоизга ортиқдир. Ишлаб чиқарилган барча толанинг 99 фоизи микронейр кўрсаткичининг 3,5-4,9 кўрсаткичи доирасида бўлиб, халқаро талабларга мос келади. Ишлаб чиқарилаётган тола узунлиги кўрсаткичлари ҳам яхшиланди. Жумладан, 37 кодли тола улуши 2016 йилги мавсумда 21 фоиздан 23 фоизга ўсди. 4 типдаги тола улуши эса 85 фоизни ташкил этди.

Ёғ-мой ишлаб чиқариш соҳасида техник қайта жиҳозлаш бўйича дастурларнинг, қайта ишлаш учун пахта чигитини навига қараб қабул қилишнинг дифференцияланган тизимининг жорий этилиши унинг сифатини яхшиланишига ҳамда олинаётган хом мой миқдори ошишига олиб келди. Пахтанинг техник уруғларининг сифати яхшиланиши ҳолати кузатилмоқда. Жумладан, 2016 йили ҳосил бўйича биринчи синфдаги биринчи навли сифатли уруғлар улуши 76,4 фоизни ташкил этиб, 2015 йилга солиштирганда салкам 10 фоизга ортди. Пахта ёғи сифати кескин ошиб, унинг ранги 5 қизил бирликкача ортди (жаҳон стандарти), қадоқланган ўсимлик ёғлари ишлаб чиқариш миқдори кўпайди. Мой чиқишининг 1,3 фоизга ортиши ҳисобига 10,0 млрд. сўм миқдорида қўшимча даромад олинди.

Пахта толасини таснифлашнинг миллий тизимини такомиллаштира бориб, янги сифат ўлчовлари – пахта толасининг паст навлари учун синфлар (Учинчи «Олий», Тўртинчи «Олий», Бешинчи«Олий»/«Яхши») жорий этилди ҳамда пахта толаси бўйича янги стандарт қабул қилинди. Янги қоидалардаги ўзгаришлар халқаро талаб ва стандартларга уйғунлаштирилган, янги миллий стандартнинг қўлланилиши эса тўқимачилик саноатида эхтиёж катта бўлган юқори сифатли пахта толаси ҳажмини ошириш имкониятини берди. Фақат 2016 йил ҳосили натижалари бўйича янги таснифни жорий этишдан олинган иқтисодий самара 1,5 млрд.сўмдан ошиб кетди.   

Терминалларда қабул қилинаётган ва жўнатилаётган пахта толаси сифати ва миқдорини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш мақсадида амалий чора-тадбирлар кўриш учун «Ўзпахтасаноатэкспорт» ХК таркибига кирувчи «Ўзпахтаэкспорт» АЖ тасарруфидаги ҳар бир терминалда энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган пахта толаси сифати ва миқдорини назорат қилиш лабораториялари ташкил этилган. Холдинг компания таркибига кирувчи бошқа бир тузилма - «Ўзпахтаёғ» АЖда техник уруғлар сифатини назорат қилиш билан шуғулланувчи «Сифат-чигит» маркази фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, у пахта тозалаш ва ёғ-мой корхоналарида пахта чигитини ишлаб чиқарилиши, сифати, сақланишии самарали ишлатилишини назорат қилиш, пахта ёғи сифатини баҳолаш ва яхшилаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш билан шуғулланади.    

Барча 98 та пахта тозалаш заводлари, 23 та ёғ-мой комбинатлари ва 21 та пахта терминалларида уларни капитал қайта таъмирлаш жараёнида янги авлод ускуналари комплексини ўзлаштириш ҳисобига модернизация ва реконструкция қилиш, техник қайта жиҳозлаш тадбирлари амалга оширилмоқда. Бу жараёнга Ўзбекистондаги етакчи илмий, академик, лойиҳа-конструкторлик ташкилотлари ва машинасозлик-қурилиш корхоналари фаол жалб этилмоқда. 2017 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури асосида «Ўзпахтасаноатэкспорт» ХК бўйича жами 27, 2 млн.АҚШ доллари миқдорида маблағ ўзлаштирилишини назарда тутувчи 34 та лойиҳа, жумладан «Ўзпахтасаноат» АЖда пахтани қайта ишлаш корхоналарини модернизация қилиш бўйича 17,1 млн. АҚШ долларига тенг 12 та, «Ўзпахтаёғ» АЖда 10,1 млн. АҚШ долларига тенг 22 та лойиҳани амалга ошириш мўлжалланган.

Top