14:48 / 08.07.2017
11723

Ҳамбургда Путин, Меркель ва Макроннинг учрашуви бўлиб ўтди

Фото: РИА "Новости"

Россия президенти Владимир Путин, ГФР канцлери Ангела Меркель ва Франция президенти Эммануэль Макрон иштирокида Ҳамбургдаги «Атлантик» меҳмонхонасида учрашув бўлиб ўтди.

Етакчиларнинг суҳбати ишчи нонушта дастурхони атрофида бўлиб ўтди ва улар «йигирматалик» муаммолари, Украинадаги вазиятни тартибга солишга урғу берган ҳолда халқаро кун тартибида турган масалалар ҳақида фикр алмашишди.

Россия, Франция ва Германия етакчилари Украина шарқида ўт очишни тўхтатиш режимига риоя қилишнинг муҳимлигини тасдиқлашди.

Украина инқирозини ҳал этиш турли форматдаги музокаралар, хусусан Россия, Германия, Франция ва Украина иштирокидаги «Норманд формати» доирасида ҳам кўриб чиқилмоқда. Украина президенти Пётр Порошенко Путин, Макрон ва Меркелнинг Ҳамбургдаги суҳбатида иштирок этмади. Чунки Украина Ҳамбургда ўтаётган G20 саммитига махсус таклиф этилган давлатлар рўйхатига киритилмаган.

БМТнинг сўнгги маълумотларига кўра, Украина шарқида рўй бераётган қуролли можаролар оқибатида қурбон бўлганлар сони 10 мингдан ошган. Донбассдаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш Минск музокара гуруҳи учрашувлари доирасида ҳам муҳокама этилмоқда. Гуруҳ 2014 йил сентябридан буён можарони тинчлантиришни тартибга солиш борасида учта ҳужжатни қабул қилган. Бироқ можаролашаётган томонлар сулҳ ҳақидаги битимлар имзоланганидан сўнг барибир отишмаларни давом эттиришмоқда.

Top