Жаҳон | 18:10 / 09.07.2017
11260
3 дақиқада ўқилади

Қатар бойкот оқибатлари учун компенсация ундириш комиссиясини тузди

Фото: © РИА Новости

Қатар бир ой муқаддам тўрт араб давлати  — Саудия Арабистони, БАА, Миср ва Баҳрайн томонидан эълон қилинган бойкотдан зарар кўрганлардан компенсация учун ариза қабул қилувчи махсус комиссия тузди, деб хабар қилади «Ал-Жазийра» телеканали мамлакат бош прокурори Али ибн Фатисга асосланиб.

«Компенсациялар бўйича комиссия қамал натижасида жабр кўрганлардан ариза қабул қилувчи марказий орган бўлади. Комиссияга ТИВ ва адлия вазирлиги вакиллари киритилади», деди бош прокурор.

Унинг сўзларига кўра аризалар олингач ва ўрганилгач, комиссиянинг кейинги хатти-ҳаракатлари бўйича қарор қабул қилинади.

«Бу ишлар маҳаллий судларда ҳам, Қатардан ташқаридаги судларда ҳам кўриб чиқилиши мумкин», деди бош прокурор.

Қатар томонининг маълумотларига кўра, бойкот натижасида мамлакатнинг мингдан зиёд фуқароси ва хорижликлар жабр кўрган. 

Бойкот нафақат дипломатик муносабатларга чек қўйиш, шунингдек, барча турдаги транспорт алоқаларини узишни ва бойкот эълон қилган давлатлардан Қатар фуқароларини чиқариб юборишни ҳам назарда тутади. Шундай қилиб, нафақат ишбилармонлар, шунингдек хорижда ўқиётган талабалар ва аралаш оилалар ҳам жабр кўрган.

Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн июнь ойи бошида Доҳа билан дипломатик алоқалар ҳамда ҳар қандай ҳамкорликни узиб, Қатарни террорчиликни қўллаб-қувватлаш ҳамда араб давлатларининг ички ишларига аралашувда айблаб чиққан эди. Кейинроқ араб давлатлари Қатарга ультиматум эълон қилишган ва 10 кун ичида қўшниларнинг талабига кўниш шартини қўйишган. 

Ультиматум 13та талабдан иборат эди, уларнинг орасида Эрон билан дипломатик ва ҳарбий алоқалар даражасини пасайтириш, Туркия ҳарбий базасини ёпиш, террорчилик ташкилотларини молиялаштиришни бас қилиш, араб давлатларининг ички ишига аралашмаслик, қўшниларнинг мухолифат арбобларини қўллаб-қувватламаслик, шунингдек, «Ал-Жазийра» сунъий йўлдошли телеканалини бутунлай ёпиш талаблари бор эди.

Қатар бу талабларни рад этиб, уни бажариб бўлмас, деб атаган.

Мавзуга оид