09:39 / 10.07.2017
7951

8 млн сўмдан ортиқ пулларни босқинчилик билан эгаллаб олган шахслар ушланди

2017 йилнинг 6 июнь куни тахминан соат 14:00ларда номаълум шахслар босқинчилик йўли билан ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида, Чилонзор тумани ҳудудида фуқаро Даврон Бекмурадовни (жабрланувчининг анкета маълумотлари ўзгартирилган) пичоқ билан қўрқитиб, унга тегишли бўлган 8.370.000 сўм пулларини эгаллаб олиб, жиноят жойидан яширинганлар. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар берди.

Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари (босқинчилик, яъни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган нарсаларни ишлатиб, ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. 

Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тергов-тезкор тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни муқаддам судланган Абдувоҳид Рашидов, Сослан Хадарцев ва Муроджон Саъдуллаев содир этганликлари аниқланган. 

Рашидов ва Хадарцевларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган. Саъдуллаевни ушлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда. 

Юқоридаги шахсларнинг хатти-ҳаракатидан жабр кўрганлар, шунингдек, Саъдуллаевнинг қаерда эканлигини билган шахслар «102» телефон рақамига ёки яқин атрофдаги ички ишлар органларига мурожаат этишлари мумкин.

Top