Пойтахт ИИББ маълум қилишича, Чилонзорда ўтказилган тезкор тадбирда С. исмли шахс қўлга олиниб, унинг ёнидан 5 грамм гиёҳвандлик воситаси топилган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг яшаш манзили ҳам холислар билан кўздан кечирилган. Натижада мебел тагидан 3 та қора целлофан ичида турли хил зип-пакетга солинган оқ рангли кукунсимон модда, кўк рангли изолентага ўралган кукунсимон моддалар, электрон тарозилар, зип-пакетлар аниқланган.
Тезкор тадбир натижасида 6000 инсонни заҳарлаши мумкин бўлган, баҳоси 1 млрд 506 млн сўмлик 1 кг 205 грамм синтетик гиёҳвандлик воситалари тарқалишининг олди олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.











