Жаҳон | 12:45 / 10.07.2017
5851
1 дақиқада ўқилади

Германия Туркиянинг Инжирлик базасидан ҳарбий хизматчиларни олиб чиқишни бошлади

Фото: Reuters

Германия Туркиянинг Инжирлик авиабазасидаги ҳарбий хизматчилари ва самолётларини Иорданияга кўчиришни бошлади. Бу ҳақда Spiegel Online хабар берган.

Туркияни биринчи бўлиб ёқилғи қуйиш самолётлари, тахминан 20 нафар аскар ва зобит тарк этди. Шундан сўнг янги жойга “Торнадо” жосуслик самолётлари йўл олади.

Инжирлик авиабазасида ҳаммаси бўлиб 260 нафарга яқин ҳарбий хизматчи, махсус оптика билан жиҳозланган олтита “Торнадо”, ҳамда битта учар танкер бор. Улар ИШИД террорчилик гуруҳининг Сурия ва Ироқдаги позицияларига ҳаво зарбаларини беришда иштирок этган.

Немис ҳарбийлари ва техникасини бутунлай олиб чиқиш жорий йилнинг октябрига қадар якунланиши керак.

Бундесвер ҳарбий хизматчиларининг Инжирлик базасидан кетишига йирик дипломатик можаро сабаб бўлди. 15 май куни турк ҳукумати немис депутатларига авиабазага келишга навбатдаги маротаба изн бермагани хабар қилинди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид