Жамият | 16:40 / 10.07.2017
58924
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонлик чўпон ва бир ярим минг бош қўй яшин қурбони бўлди (Фото)

Фото: Sputnik

Қозоғистоннинг Қустанай вилоятига яшин тушиши оқибатида чўпон ва бир ярим минг қўйни ўлдирди, деб хабар қилмоқда Sputnik-Қозоғистон мухбири. 

Фожиа Жангелди туманида 7 июль куни содир бўлган. Бироқ, бахтсиз ҳодиса ҳақида бугун расман маълум қилинган. 

Қустанай вилояти ички ишлар департаменти матбуот-котиби Ирина Беженарь сўзларига кўра, яшин уриши натижасида даштда кучли ёнғин келиб чиққан. 

Таъкидланишича, бу Қозоғистон даштларида содир бўлаётган биринчи шундай ҳодиса эмас. 3 июль куни  Оқмола вилоятида яшин отда кетаётган кишига урилган, яхшиямки у тирик қолган. 

16 июнда Жамбил вилоятида 3 киши, шу жумладан 12 яшар чўпон бола ҳам яшин қурбони бўлди. Бу воқеадан бир ой аввал, ушбу минтақада 42 ёшли чўпон ҳам яшин туфайли ҳалок бўлган эди. 

Фото: inform.kz

Қутқарувчилар момақалдироқ ва чақмоқ чақиш билан давом этадиган жала, сел вақтида электр симлари, яшинтутгич, антенна ва тарновларга яқинлашмасликни тавсия қилади. Бундан ташқари, деразалар яқинида турмаслик, телевизор, радио ва бошқа электр ускуналарни ўчириб қўйишни маслаҳат беради. Баланд дарахтлар остида, айниқса, у якка ҳолда турган бўлса паналаниш ҳамда сув ҳавзалари яқинида туриш мумкин эмас. Балки, соҳилдан узоқлашиб, текисликнинг қуйироқ қисмига жойлашиш керак. 

Даштда эса, яшин эҳтимоли пайдо бўлса, ерга узала тушиб ётиб олиш ярамайди. Бу ҳолда, табиий бошпана ёки чуқурча топиб, тиззаларни қучоқлаб олган ҳолда ўтириш керак. 

Фото: inform.kz

Мавзуга оид