11:10 / 12.07.2017
90768

ЎзМУда «зиёли снайперлар» қўлга тушди

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетида бошқа абитуриентларнинг ўрнига ҳужжат топширишга уринган икки ва ўзини «зиёли снайперлар» деб таништирган «сохта абитуриент»лар қўлга олинди. Бу ҳақда университет Қабул комиссияси ахборот хизмати «Кун.uz»га маълум қилди.

Ўзбекистон Миллий университетида бу йил ҳужжатлар қабул қилишда абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун барча шарт-шароитлар яратиб қўйилди. Айниқса ҳужжатларни онлайн тарзда рўйхатдан ўтказиш жорий этилгани янгилик бўлди. Шу билан биргаликда, дастурий воситаларнинг ишончлилиги, хавфсизлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан 2017-2018 ўқув йили учун абитуриентлар қабули жараёнида ҳужжат топширувчининг ҳужжатини қабул қилишда ва тест синовларини ўтказишда биометрик ва паспорт маълумотлари асосида абитуриентларни назорат қилиш (идентификация) ва бошқариш тизими, шунингдек, юзидан танувчи ва бармоқ излари сканер орқали шахсни аниқлашга қаратилган технология қўлланмоқда.

Шунга қарамасдан, 2017 йилнинг 11 июль куни ЎзМУнинг Журналистика ва Физика факультетларига 1993 йилда Бухоро вилоятида туғилган фуқаро Бобур Ҳасанов ва 1998 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган фуқаро Шаҳзодбек Ёқубов бошқа бир абитуриентнинг ўрнига ҳужжатларини топширишга уринишганида мазкур дастур ёрдамида сохта абитуриент эканликлари аниқланди ва ҳуқуқ-тартибот органларига маълумотлари тақдим этилди.

Масаланинг энг қизиқ томони ҳар икки фуқаро ҳам ўзини «Биз «зиёли снайперлар»миз, ҳеч қандай айб иш қилганимиз йўқ...», деб даъво қилишган.

Шу муносабат билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Қабул комиссияси барча абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини юқоридаги каби «зиёли снайперлар”нинг тузоғига илиниб қолмасликка чақиради. Шунингдек, юқоридаги янги «ақлли технология» 2017 йилнинг 1 август куни ЎзМУнинг барча факультетларида тўлиқ ишлашини ҳам маълум қилади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Тошкент ахборот технологиялари университетида бошқа абитуриентларнинг ўрнига ҳужжат топширмоқчи бўлган «зайчиклар» қўлга тушганди.

Top