14:36 / 15.07.2017
8627

Хотин-қизлар меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси

Мамлакатимизда инсон, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган қоида ва меъёрларни тан олиш, уларни миллий қонунчиликка жорий қилиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирги кунга қадар кўплаб халқаро ҳужжатларнинг ратификация қилингани бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар кўламини яққол намоён этади. Меҳнат соҳасидаги халқаро стандартлар меҳнатни тартибга солиш соҳасидаги узоқ йиллик тажрибани, қўлга киритилган ютуқларни ўзида акс эттирувчи норма ва қоидалардир. Улар меҳнатни қўллаш, хавфсиз ва қулай шароит яратиш, меҳнатни муҳофаза қилиш, ходимлар ҳамда иш берувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш ва бошқа кўплаб масалаларга тааллуқлидир.

Халқаро меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишга доир ҳуқуқий базанинг шаклланиши ва ривожланишида Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) етакчи ўрин тутади.

Жорий йилнинг 14 июль куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ўқув марказида ҳудудий Хотин-қизлар қўмитаси раислари ва ходимлари учун “Халқаро меҳнат стандартлари” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди. 

Халқаро Меҳнат Ташкилоти томонидан ташкил қилинган мазкур тренингда халқаро меҳнат стандартлари миллий қонунчилик тизимига имплементация қилинганлиги, айрим миллий нормаларимиз конвенцияларда белгиланганидан ҳам имтиёзлироқ қоидаларни ўз ичига олганлиги алоҳида таъкидланди. Тренинг иштирокчилари томонидан меҳнат муносабатларида мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилган таклифларни ўз ичига олган интерфаол машғулотлар бажарилди. 

Тренинг давомида болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнатни олдини олишга қаратилган ҳуқуқий норматив ҳужжатлар ҳақида кенг кўламли маълумотлар берилди. Шунингдек хотин-қизларнинг ижтимоий меҳнат соҳасидаги мавжуд муаммоларни бартараф қилиш бўйича комплекс ёндошув ҳамда ижтимоий шерикликни янада кучайтиришга оид тадбирлар режалаштирилди.

Top