Жамият | 15:47
1225
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда туғуруққа соғлом кирган 21 ёшли аёл икки ойдан буён оғир аҳволда

Тошкентдаги туғуруқ муассасаларидан бирида 21 ёшли аёл туғруқдан кейин фалаж ҳолатига тушиб қолган. Воқеага икки ой бўлганига қарамай, унинг аҳволи ҳануз оғирлигича қолмоқда. Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси Kun.uz'га ҳолат юз берганини тасдиқлаб, бемор шифокорлар назорати остида эканини маълум қилди.

Аёлнинг яқинлари маълум қилишича, воқеа жорий йил 24 апрел куни Тошкентдаги 9-туғруқ муассасасида содир бўлган. Уларнинг айтишича, аёл ҳомиладорлик даврини соғлом ўтказган ва туғуруққа жиддий муаммоларсиз кирган.

Яқинларининг сўзларига кўра, туғуруқ жараёнида оғриқни камайтириш мақсадида эпидурал анестезия қўлланган. Шундан кейин аёлнинг аҳволи оғирлашиб, у кома ҳолатига тушган. Чақалоқ кесарча кесиш амалиёти орқали дунёга келтирилган.

Маълум қилинишича, уч кундан кейин она ва чақалоқ Республика шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш маркази жонлантириш бўлимига ўтказилган. Аёл комадан чиққан, аммо унда фалажлик аломатлари кузатилгани айтилмоқда.

Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси Kun.uz сўровига жавобан мазкур ҳолатни тасдиқлади. Бошқармага кўра, бемор айни вақтда мутахассислар назорати остида даволаняпти.

Ҳозирча аёл аҳволининг оғирлашиши сабаблари бўйича расмий хулоса эълон қилинмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кувайтда фаолият юритаётган ўзбек анестезиологи Жаҳонгир Жўраев Kun.uz билан суҳбатда Ўзбекистонда анестезиология соҳаси чуқур ислоҳотларга муҳтожлигини таъкидлаган эди. Унинг фикрича, анестезиологик ёндашувлар ва хавфсизлик стандартлари етарли даражада такомиллаштирилмаса, оғир асоратлар ва ўлим билан боғлиқ ҳолатлар кузатилиши давом этиши мумкин.

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид