Ўзбекистон | 09:22 / 21.07.2017
11437
3 дақиқада ўқилади

Эксперт: сиёсий партия деган организмдаги бир бўғин ишламаяпти

Фото: Халқаро пресс-клуб

Ўзбекистонда том маънода етакчи бўлган сиёсий партия мавжуд эмас ва борларининг ҳам маълум бир тизими ишламаяпти. Сиёсий фанлар доктори, профессор Муқимжон Қирғизбоев ХПКда бўлиб ўтган сессияда эксперт сифатида иштирок этиб, республикада фаолият олиб борувчи сўл ва ўнг кайфиятдаги партиялар моҳиятига изоҳ берди ҳамда бу каби партиялар бор-йўқлиги хусусида фикрлари билан ўртоқлашди.

“Оддий сўз билан айтганда, аслида партия йўқ даражада. Мисол учун Тошкентда 30-40 кишидан иборат партия аппарати ходимлари ўтиради, 50-60 га яқин Кенгаш аъзолари вилоятларда истиқомат қилади, вилоят кесимида 4-5 нафар одам, туманда 3-4 нафар киши ишлайди. Шуни айтиш керакки, партия дегани бу партия аппарати, бошқарувчи органи дегани эмас, балки унинг бошланғич ташкилотлари партия дейилади. Қачонки, бошланғич ташкилотлар уюшиб, партиявий тус олиб, мафкурани ўзида ҳис қилиб, партияга дахлдорлик туйғуси билан туман, шаҳар, вилоятларга (ҳокимиятларига таклиф ва ташаббусларини илгари сура бошлайди-таҳр.) босим қилади, ўшанда партия ишлайди. Шундай экан, бошланғич ташкилотлар кучайтирилмаса, партияни партия деб бўлмайди”, - деди Қирғизбоев.

Киргизбоев Муқимжон, Андижон Давлат университети, сиёсий фанлар доктори, профессор

Экспертнинг фикрича, жамият бир организм кабидир. Унинг бир аъзоси ишламай қолса, жамият депсиниб, орқага кетади. “Ҳозир сиёсий партия деган организмдаги бир бўғин ишламаяпти. Ана шу бўғин ишласа, жамият ҳам тўғридан-тўғри тўкис ҳаракат қилишга ўтади. Шунинг учун ҳам бу масала ниҳоятда катта масаладир. Қолаверса, бу одамларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини қонунларда, Президент чиқараётган фармонлар ва қарорларда акс эттирадиган ҳодиса”, - деди эксперт. 

У, шунингдек, Ўзбекистонда парламентда устунлик қила оладиган ва мамлакатда ҳақиқий ҳукмрон партия бўлишга лойиқ партия бор-йўқлиги хусусида ҳам фикрларинии билдирди. “Масалан, бизда етакчи партия деб ЎзЛиДеП тан олинган. Аммо қонунчиликка кўра, Қонунчилик палатасида 150 депутатлик ўрни бўлса, шундан 76 та ўринни эгаллаган партия етакчи партия ҳисобланади. Бизда атиги 49-50 депутати бор ЎзЛиДеП етакчи партия мақомида”, - дея масалага ойдинлик киритди Қирғизбоев. 

Мавзуга оид