Ўзбекистон | 12:53 / 21.07.2017
22477
2 дақиқада ўқилади

Президент солиқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича махсус комиссия ташкил этди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 июль куни солиқ тизимини такомиллаштириш бўйича доимий ишлайдиган эксперт комиссияни тузиш ҳақидаги фармойишни имзолади.

Бир ойда камида бир маротаба йиғилиш ўтказадиган комиссиянинг асосий вазифаларига - солиққа тортиш халқаро амалиётини ўрганиш ва республика солиқ тизимини дунёнинг ривожланган мамлакатларида қабул қилинган, хорижий сармоядорлар учун тушунарли бўлган ҳамда уларни Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритишга рағбатлантирувчи солиқ тизимига мувофиқлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш киради.

Бошқа вазифалар орасида – солиқ сиёсатининг амалга оширилишини тизимли мониторинг қилиш, камчиликларни аниқлаш, солиқ тизимини яхшилаш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш бор.

Комиссия солиқ юкламаси шаклланган даражасининг хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти, корхоналарнинг молиявий барқарорлиги, иқтисодиётда ўзаро ҳисоб-китоблар ҳолати, дебиторлик ва кредиторлик қарзлари динамикасига таъсирини ўрганиш ва тегишли таклифлар тайёрлаш билан шуғулланади.

Бундан ташқари, у минтақаларнинг солиқ салоҳиятини аниқлаш бўйича, барча даражадаги бюджетларнинг даромад базасини мустаҳкамлаш, молия ва солиқ органларининг манфаатдорлигини кучайтириш бўйича услубий масалаларни ишлаб чиқади.

Шунингдек, комиссия вазифалари ичига солиқ маъмуриятчилиги амалиётининг чуқур ва аниқ таҳлили, уни енгиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлаш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, солиқ тўловчиларга тўғридан-тўғри алоқага кирмаган ҳолда электрон хизмат кўрсатиш, уларга услубий ёрдам кўрсатиш ва профилактик ишларни кучайтириш, солиқ мониторинги тизимини самарали татбиқ этиш, солиқ органлари фаолиятининг очиқлик ҳамда шаффофлигини ошириш ҳам киритилди.

Эксперт комиссиясига вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ташкилотлар мутахассисларини, шунингдек, мустақил экспертларни (чет элдан ҳам) ишга жалб этиш ҳуқуқи тақдим этилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти 18 июль куни “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Мавзуга оид