Жамият | 16:22 / 21.07.2017
25936
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик арабшунос-шарқшуносларнинг узоқ йиллик орзуи ушалди

Куни кеча Тошкентдаги миллий матбуот марказида Ғофур Ғулом номидаги нашриёт матбаа ижодий уйи томонидан нашр этилган икки нодир хазина - қадим араб тилини ўрганишда ноёб манба "Ал-Қомус" номли арабча-ўзбекча қомусий луғат ҳамда туркий тилшуносликнинг тенги йўқ намунаси "Девону луғати турк" китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Кун.uz’га арабшунос-шарқшунос мутахассис Ёрқин Шукуров маълум қилмоқда.

Ўзбекистонда муқаддас динимиз шаффофлигини янада мустаҳкамлаш, буюк алломаларимиз Имом ал-Бухорий, Исо ат-Термизий, Маҳмуд аз-Замахшарий каби кўплаб аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш ва тадқиқ этиш борасида улкан ва самарали ишлар амалга оширилмокда. Бу борада нашрдан чиққан  "Ал-Қомус" арабча-ўзбекча қомусий луғати айни муддао бўлди.

Мазкур 4 жилддан иборат  қомусий луғат академик, профессор Қоҳира араб тили академияси аъзоси Неъматуллоҳ Иброҳимов раҳбарлигидаги ижодий гуруҳ томонидан тузилган бўлиб, 100 мингдан ортиқ сўз ва ибораларни ўз ичига олган. Луғатнинг аҳамиятли томони шундаки, унда араб тилининг бугунги сўзлашув ҳаётида фаоллашиб бораётган сўзлар билан бир қаторда, замон тараққиёти билан ҳамнафас шаклда ривожланиб бораётган технологиянинг энг янги атамаларини, шунингдек, араб классик адабиётига оид сўз ва иборалар, айниқса, муқаддас динимизнинг асосий манбаи бўлган Қуръони Карим оятларига оид сўзларнинг ўзбек тилидаги маънолари кенг ёритиб берилган. Муаллифлар арабча сўзларнинг ўзбекча таржимасини бериш билан кифояланмасдан, ҳар бир сўз, унинг ҳар бир маъноси янада тушунарли бўлиши учун асл арабча манбалардан мисоллар келтирганлар.

Тадбирда Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси доктор Амманий Ал-Этр жаноби олиялари ҳам сўз олиб, Ўзбекистон ва Миср халқлари ўртасидаги илмий ва маданий ҳамкорликни янада кенгайтириш соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг таҳсинга лойиқлигини, айниқса, нашр этилган мазкур комусий луғат айнан мисрлик олимлар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинишини, шунингдек, унинг муаллифлари мазкур луғатни тайёрлашда  Қоҳира, Айн Шамс университети профессорлари билан олиб борган ижодий илмий ҳамкорликларининг нуфузини алоҳида таъкидлади.

Мавзуга оид