Жаҳон | 15:20 / 23.07.2017
8235
3 дақиқада ўқилади

Яманда вабо кучаймоқда, хасталик 600 минг кишини қамраб олиши мумкин

© AFP 2017 / Stringer

Жорий йил сўнгига бориб Яманда вабога чалинганликда гумон қилинган ҳолатлар сони икки баробарга ўсиб, 600 минг кишини қамраб олиши мумкин, дейишмоқда Халқаро Қизил Хоч қўмитасидагилар. Бу ҳақда РИА Новости ёзади.

ХҚХҚ экспертлари йил сўнгига бориб, Яманнинг ҳар 45-фуқароси вабога чалиниши мумкинлигидан огоҳлантиришмоқда. Бунга сабаб, мамлакатда юз берган қуролли тўқнашувлар натижасида ичимлик суви инфратузилмасининг буткул вайрон бўлганидир. Айни пайтда тиббиёт масканларининг ҳам 45 фоизидан камроғи ишчи ҳолатда. Пайдо бўлган вазият безгак ва денге талвасаси каби бошқа касалликларнинг ҳам тарқалишига замин яратиши мумкин.

«Энг катта фожиа шундаки, вабо эпидемиясининг олдини олиш мумкин, чунки у қўлдан ясалган гуманитар офат ҳисобланади. Бу фуқаролик инфратузилмаси ва соғлиқни сақлаш тизимини барбод қилган қуролли тўқнашувларнинг тўғридан-тўғри оқибати ҳисобланади... Ҳозир ҳам кўплаб ўлим ҳолатларининг олдини олиш мумкин, бунинг учун душманлашаётган томонлар чекловларни олиб ташлаб, Яманга дори-дармонлар, озиқ овқат ва яшаш учун энг зарур нарсаларни киритишга йўл очиб беришлари керак», — деган якшанба куни Яманга келган ХҚХҚ президенти Петер Маурер.

Ўзининг беш кунли ташрифи давомида ХҚХҚ президенти Адан, Тоиз ва Сано шаҳарларига бориб, барча тарафлар иштирокида гуманитар вазиятни муҳокама этишни режалаштирган.

Яманда 2014 йилдан буён бир томондан шиаларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракатига мансуб қўзғолончи ҳусийчилар, иккинчи томондан собиқ президент Али Абдуллоҳ Солиҳ тарафдорлари бўлган армия қисмлари ўртасида қуролли можаро давом этиб келмоқда. Ҳукумат қўшинларига ер ва ҳаводан туриб Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалицияси ёрдам бермоқда. Бунга жавобан ҳусийчилар қиролликнинг чегараолди ҳудудларини мунтазам ўққа тутишади. 

БМТнинг инсон ҳақлари бўйича олий комиссари бошқармаси маълумотларига кўра, қуролли тўқнашувлар бошланганидан буён мамлактада 5 мингдан зиёд тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлган, 8 мингдан зиёд киши яраланган.

Мавзуга оид