Жамият | 12:15 / 24.07.2017
15778
2 дақиқада ўқилади

Каттақўрғоннинг Тарнов қишлоғига асфальт йўл тортилди (фото)

Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани, «Тарнов» МФЙ, Тарнов қишлоғига элтувчи йўл асфальтланди. Маҳалла фаолларидан бири Сарвар Ражабовнинг Кун.uz мухбирига маълум қилишича, қишлоқ йўлининг асфальтланиши маҳалла аҳолиси ва «Самарқандйўлқурилиш» ДУК саъй-ҳаракатлари эвазига амалга оширилган. 

— Қишлоқ кўчамизнинг аҳволи кейинги йилларда жуда абгор эди. Унинг 500-600 метр қисмида ёғингарчилик пайти сув тўпланиб қолар, сув ҳатто тиззагача кўтарилиб, фуқаролар ва автомашиналарнинг ҳаракатига тўсқинлиқ қилар эди, — дейди С.Ражабов.

«Биз тегишли жойларга мурожаат қилдик. Албатта, мурожаатларимиз беэътибор қолдирилмади. Давлат томонидан бу мақсадда 250 миллион сўм ажратилишини айтишди. Фақат 970 метр узунликдаги йўлни асфальтлаш учун қишлоғимиз аҳолисига йўлни тош, шағал тўкиб асфальтлашга тайёрлаб бериш сўралди. Қишлоқ аҳли 40 миллион сўм пул йиғиб, ишчи ёллаб, ўзлари ҳам ҳашарда қатнашиб, 47 йил муқаддам бунёд этилган 3 та кўприкни ҳам янгидан барпо этиб, кенгайтириб, йўлларга 300 «КамАЗ» тош ва шағал тўкиб, текислаб, асфальтлашга тайёрлаб беришди», — дея тафсилотлар билан ўртоқлашди маҳалла фаоли. 

— «Самарқандйўлқурилиш» ДУК туман бўлими 4500 метр квадрат юзасини қайноқ асфальт билан бостириб берди, қишлоқ аҳолиси бажарилган иш ва қилинган меҳнатдан жуда миннатдор, — дейди Сарвар Ражабов.

 

Мавзуга оид