08:18 / 31.07.2017
138475

Иккинчи совуқ уруш нафаси: Путин жавоб юришини амалга оширди

Фото: vesti.ru

Россия президенти Владимир Путин мамлакатнинг АҚШга қарши жавоб чоралари сифатида Россияни 755 нафар америкалик дипломат тарк этиши ҳақида маълум қилди. У бу ҳақда Владимир Соловьевга берган интервьюсида сўз юритган.

Россия етакчисининг сўзларига кўра, Америка томони «Россия-Америка муносабатларини ёмонлашуви томон ... ҳеч бир асоссиз қадам ташлагани» сабабли Москва шундай қарор қабул қилган.

«Россияда мингдан ортиқ дипломат ва техник ходимлар — ишлашди ва ҳамон ишлаб келишмоқда, уларнинг 755 нафари РФдаги ўз фаолиятини тугатишлари керак бўлади. Бу сезиларли», — деган Путин.

«Биз етарлича кутдик, вазият ижобий томонга ўзгаришига умид қилдик. Аммо ҳеч нарса ўзгармади ва бундан кейин ҳам ўзгармайдиган кўринади. Мен АҚШ ичидаги сиёсий вазиятни назарда тутмаяпман. Шунчаки, бизга ҳам жавоб бериш вақти етиб келди, деган қарорга келдим. Бундан буён ҳеч нарса жавобсиз қолмаслигини улар ҳам билиб қўйишсин», — деган Путин. 

У ҳозирча Москва Вашингтонга нисбатан қатъий чоралар қўллашга шошилмаётганини айтиб ўтган: «Биз бошқа чораларни ҳам кўриб чиқишимиз мумкин. Аммо умид қиламанки, иш бунгача етиб бормайди. Бугунги кунда мен бунга қаршиман».

Москва АҚШ Конгрессининг Россияга нисбатан санкцияларни маъқуллаганига жавобан жавоб чоралари қўллади: 1 августдан АҚШ дипломатлари Москванинг Дорожной кўчасидаги омборхоналардан ва Серебрянний Бордаги дачадан фойдалана олмайди. 

Серебрянний Бордаги дача / ISTOCK

Россия, шунингдек, 1 сентябрдан эътиборан америкалик дипломатлар сонини Россиянинг Америкадаги дипломатлари сонига тенглаштириш мақсадида қисқартиришни талаб қилди. 

Октябрь инқилобидан бери...

Гап фақат америкалик дипломатлар чиқариб юборилишида эмас, Америка элчихоналари ва консулликларида ишлаётган россиялик мутахассисларнинг ишдан кетиши ҳақида кетмоқда. Бундай кўламдаги ҳодиса Россия ва АҚШнинг дипломатик муносабатларида 1917 йилги Октябрь инқилобидан буён кузатилмаганди (ўшанда Америка дипломатик миссиясини ёпганди).

Россия ТИВ мамлакат ҳудудидаги америкалик дипломатлар сони қисқартирилиши эҳтимоли ҳақида 14 июль куни билдирганди. Ўшанда вазирлик расмийси Мария Захарова Россияда дипломатик ходимлар ниқоби остида «кўплаб америкалик жосуслар» фаолият юритаётгани ҳақида гапирганди.

«Вашингтон нафақат бизнинг ходимларимизни чиқариб юбориш ҳақидаги қарорини бекор қилмади, балки уларнинг ўрнига келганларга виза беришдан бош тортмоқда», — деганди у.

Reuters буни АҚШда россиялик дипломатларга тегишли кўчмас мулкни қайтаришдан бош тортишига жавобан юриш сифатида баҳолаганди. Қолаверса, 2016 йил декабрида АҚШ президенти Барак Обама жорий этган янги санкциялар доирасида мамлакатдан 35 нафар россиялик дипломат чиқариб юборилган эди.

Муносабатларда эскалация юзага келмоқда

Москвадаги АҚШ элчихонаси
Михаил Почуев / ТАСС / Vida Press

АҚШда америкалик дипломатлар чиқариб юборилишини эскалация (танглик) сифатида баҳолашмоқда. Улар 35 нафар россиялик дипломатнинг чиқариб юборилишига жавобан 755 нафар америкалик дипломатнинг чиқариб юборилаётганига эътибор қаратишмоқда. Америкаликларнинг Россиядаги дипломатик миссияси ходимлари сони 62 фоизга қисқармоқда. The Washington Post нашри ёзишича, бу қисқартириш Москвадаги элчихона, шунингдек Санкт-Петербург, Екатеринбург ва Владивостокдаги консулхоналар ходимларига тааллуқлидир. Газета 1200 нафар ходимларнинг аксари — америкалик дипломатлар эмаслиги, Россияда ёлланган турли соҳа мутахассислари эканини қайд этган: қурувчилар, таржимонлар, ҳайдовчилар ва бошқалар. Россияни тарк этишига тўғри келаётган америкаликларнинг аниқ сони келтирилмаган.

Оқ уйда ҳозирча Россиянинг бу қарорига муносабат билдирилмади. АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси Майкл Макфолнинг тахмин қилишича, ходимларнинг кескин қисқариши россияликлар учун Америка визаси берилишида муаммоларни пайдо қилади.

Top