22:53 / 03.08.2017
5301

Ўзбекистонлик журналистлар Озарбойжон Миллий матбуоти фаолияти билан танишишди

Озарбойжонда ҳар йилнинг 22 июлида Миллий матбуот куни нишонланади. "Кун.уз" мухбири Тошкентдаги Озарбойжон маданият маркази ташаббуси ҳамда Бакудаги Халқаро Евроосиё матбуот фонди (International Eurasia Press Fund, IEPF) таклифига биноан бу йилги журналистлар байрамида иштирок этди, шу билан бирга Миллий матбуот кенгаши идорасида бўлиб, унинг раҳбари Афлотун Амашев билан учрашди, бундан ташқари Eurasiadiary сайти фаолияти билан яқиндан танишди. 

IEPF директори Умуд Мирзаевнинг маълум қилишича, Озарбойжон Миллий матбуот кунининг айнан шу куни нишонланишига 1875 йилнинг 22 июлида она тилидаги илк газетанинг нашрдан чиқиши сабаб бўлган. Мамлакат Миллий матбуотининг асосчиси Ҳасанбек Зардобий (1837-1907) ҳисобланади. Бу инсон Бакуда озарбойжон тилида илк "Экинчи" газетасининг чоп этилишига муваффақ бўлган. 

22 июль куни Баку шаҳрининг "Altun Saray" ресторанида журналистика соҳасида жонбозлик кўрсатган қатор мутахассисларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик журналистлар ҳам меҳмон сифатида иштирок этишди. Тадбирда Озарбойжонда президент Илҳом Алиев ташаббуси билан йўлга қўйилган анъана - журналистларнинг янги уйлар билан таъминланиши алоҳида эътироф этилди. Шунингдек йил давомида фаол ижод қилган журналистлар хизмати муносиб баҳоланиб, уларга қимматбаҳо эсдалик совғалари берилди. 

1998 йилнинг августида мамлакат президенти Ҳайдар Алиев "Озарбойжон Республикасида сўз, фикр ва ахборот эркинлигини таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонни имзолади ва бу республикада цензуранинг бартараф қилинишига сабаб бўлди. 

Миллий матбуот кенгаши раиси, Озарбойжон Республикаси  Миллий мажлис депутати Афлотун Амашевнинг сўзларига кўра, бугунги кунда Озарбойжонда 25 мингга яқин журналист фаолият юритади. Амашев раҳбарлиги остидаги Миллий матбуот кенгашига ҳар йили фуқаролардан тахминан 700 шикоят келиб тушади, улар асосида махсус комиссиялар тузилиб, вазият ўрганилади ва муҳокамага қўйилади. 

Таъкидлаш жоизки, Миллий матбуот кенгаши 2000 йилда ташкил этилган. Унинг вазифаси - ҳукумат ва жамият, шунингдек матбуот ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш. 

Афлотун Амашевнинг таъкидлашича, уч йил аввал давлат ва нодавлат нашрларида фаолият юритувчи 156 нафар озарбойжонлик журналистга бепул, тайёр жиҳозланган уйлар берилган. Жорий йилнинг 20 июлида эса яна 255 нафар журналист 3 ва 4 хонали, ошхона мебелигача жиҳозланган уйлар билан тақдирланган. Маълум қилинишича, дастлаб 274 нафар журналистни тақдирлаш мўлжалланган, лекин охир-оқибат уларнинг орасида оилавий жуфтликлар борлиги инобатга олиниб, 255 нафарига янги уй калитлари топширилган. Миллий матбуот раисининг маълум қилишича, журналистлар ихтиёрига топширилган уйлар ҳудудида журналистлар мавзеси ташкил қилиниб, қалам соҳибларининг фарзандлари учун махсус болалар боғчалари ва мактаблар хизмат кўрсатади. Бир сўз билан айтганда, журналистлар қулайлиги учун керакли барча шароитлар яратилган. 

Озарбойжонда кундалик чоп этилувчи газеталар сони - 40га яқин. Маълум қилинишича, газеталар Ҳайдар Алиев фонди томонидан молиялаштирилади. Улар асосан озарбойжон тилида чоп этилади.

Миллий матбуот раисининг сўзларига кўра, ҳозирда озарбойжонлик журналистларнинг маоши - ўртача 500-2000 доллар атрофида. 

Бугунги кунда аҳолининг 80 фоизи интернетга кириш имкониятига эгадир. Бу эса газета ўқувчи кишилар сонининг камайиши, интернетга мурожаат қилаётганларнинг эса кўпайишига олиб келмоқда. 

Озарбойжон Миллий матбуот котибининг "Кун.уз"га маълум қилишича, бугунги кунда мамлакатнинг энг етакчи сайтлари Trend.az, Day.az, Vesti.az, Eurasiadiary.az кабилардир. IEPF директори Умуд Мирзаев ўзбекистонлик журналистларни Eurasiadiary ахборот портали фаолияти билан яқиндан таништирди. Мазкур портал идораси Баку шаҳри марказида жойлашган бўлиб, у олти тил - озарбойжон, инглиз, рус, араб, форс ва турк тилларида фаолият юритади. 


Лола Раҳмонбоева

Top