22:15 / 08.08.2017
6474

Volkswagen эски машинани топшириб, чегирма олишни таклиф қилмоқда

Volkswagen Германияда дизель двигателларга эга эски автомобиль моделлари учун trade-in дастурини йўлга қўйди. Унга кўра, автомобиль эгалари янги машина сотиб олишда 10 минг еврогача чегирма олишлари мумкин.

Компания хабарида айтилишича, дастур доирасида Евро-1 дан Евро-4 гача экоголик стандартларга жавоб берувчи исталган дизель машиналарни топшириб, чегирма олиш мумкин. Электрокар, гибрид автомобиль ёки газда ишловчи автомобиль харид қилмоқчи бўлганларга 2,38 минг евро миқдорида қўшимча имтиёз берилади.

Мисол учун, Up! ситикари топширилганда Volkswagen’нинг янги автомобилига чегирма 2 минг еврони, Touareg йўлтанламасида эса ишлаб чиқарилган йилига кўра 10 минг долларгачани ташкил қилади.

Audi маркасидаги автомобиллар учун чегирмалар 3 мингдан 10 минг еврогачани, Porsche’нинг Cayenne ва Panamera моделлари учун 5 минг еврони ташкил қилади.  

"Экологик дастур эвазига компания шаҳарлардаги ҳаво сифатининг ошишига салмоқли ҳисса қўшади. Шу билан бирга Volkswagen электромобилларга технологик ўтишни қўллаб-қувватлайди", деб айтилган хабарда. 

Европада дизель двигателли автомобилларга талаб зарарли чиқиндилар кўрсаткичларини атайлаб камайтирган Volkswagen ва бошқа компаниялар билан боғлиқ можародан кейин камаймоқда. Германиянинг баъзи шаҳарларида ҳаттоки дизель машиналарни тўлиқ тақиқлаш муҳокама қилинмоқда.  

Top