18:34 / 10.08.2017
46000

Улуғбек Иноятов янги ўқув йилидаги муҳим ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берди

Фото: «Ўзбекистон 24»

Ўзбекистон Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов Uzbekiston24 телеканалига берган интервьюсида янги ўқув йили, фуқаролар талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда, янги ўзгаришлар билан бошланаётгани ҳақида сўзлаб берди.

«Фуқароларимиз таклиф ва истакларини эътиборга олган ҳолда янги ўқув йилини янги ўзгаришлар билан бошлаяпмиз. Биринчи навбатда давлат таълим стандартлари янгидан такомиллаштирилди. Натижада янги ўқув йилидан бошлаб математика, физика, кимё, биология фанлари янги дастурлар ва янги методлар асосида ўқитилади.

Албатта бундай методда ўқитиш учун биринчи навбатда ўқитувчиларнинг ўзи тайёр бўлиши керак. Бу борада тизимда фаолият кўрсатаётган кимё, физика, биология, математика ўқитувчиларини махсус малака ошириш курсларида қайта тайёрлаяпмиз», деган у.

Вазир шунингдек, Ўзбекистонда анъанавий ўқитиб келинаётган меҳнат таълими фани янги ўқув йилидан бошлаб технологиялар деб номланиб, такомиллаштирилган дастурлар асосида олиб борилиши, бундан ташқари, янги ўқув йилида биринчи синф ўқувчиларини сони ҳар бир синфда 35 нафардан белгилангани ҳақида гапирган. 

«Бу йил бешинчи синфда чет тилини Европа таълим стандартлари асосида А 2 даражасида ўқитиш бошланади. 

Янги ўқув йилидан бошлаб, умумтаълим мактабларида ўқувчилар 10 синфларда ўқишни давом эттиришади. Биздаги маълумотларга қараганда бу йил 350 мингдан ортиқ ўқувчилар 10 синфда ўқишни давом эттириши кутилмоқда. Шу муносабат билан бугунги кунда нашриёт-матбаа уйлари билан биргаликда 10 синфнинг 12 фани бўйича тузилган янги ўқув режа ва дастурлар асосида дарсликлар тайёрланмоқда. 

Ўқув режалари ва фан дастурларини тузаётганимизда жаҳон тажрибасини ўрганиб чиқдик. Биринчи навбатда ўзимизда амалдаги давлат таълим сифатлари, бундан аввал ўқитилган 10-11 синфлар ҳамда ҳозирги кунда ўқитилаётган лицей ва коллежлардаги умумтаълим фанларини дастурлари, 11 йиллик таълим жорий этилган давлатлар — Россия, Қозоғистон ҳамда Буюк Британиянинг ўқув режалари, фан дастурлари таҳлил қилиниб, янги дастурлар тайёрланди. 

Бу йил 650 минг нафар ўғил-қиз биринчи синфда ўқишни бошлайди. Уларнинг ҳар бирига 12 турдаги ўқув қуроллари ва ўқувчилик портфели тайёрлаб қўйилган. Шунингдек, 1-синфга келаётган ўқувчилар ҳар йили янгидан нашр этиладиган 12 номдаги дарсликлар билан ҳам таъминланади. Бугунги кунга келиб Халқ таълими вазирлиги буюртмасига асосан 34 миллион нусхада дарсликлар тайёрланмоқда. 1-синфлар учун 12 миллиондан ортиқ нусхадаги дарсликларни чоп этиб жойларга етказиб бердик», деган вазир.

Top