15:21 / 12.08.2017
25832

Дунёдаги энг узун коллектор Қорақалпоғистонда

“Ақчадарё” коллектори дунёдаги энг узун коллектор ҳисобланади, деб ёзмоқда Қорақалпоғистон ахборот агентлиги. Коллекторнинг узунлиги – 193 км ва секундига 30-35 кубометр сув ўтказади. Ушбу коллектор 2004-2013 йиллар даврида Жаҳон Банки томонидан “Ўзбекистон дренаж лойиҳаси” асосида қурилган. Лойиҳа асосида 241,93 километр магистрал коллекторлар ва 1903,4 километр хўжаликлараро коллекторлар тизими қайта реконструкция ва таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилди.

Қорақалпоғистон Республикасининг жанубий туманлари (Турткўл, Элликқалъа, Беруний)нинг жами 100 минг гектар суғориладиган майдонларининг йилига ўртача 800 миллион м3 зах сувларини ҳудуддан олиб чиқиб кетувчи “Ақчадарё” коллекторининг қурилиши 2013 йилда тугатилиб, коллектор сувлари “Жанадарё” (Жанадарё – Амударёнинг эски ирмоғи) дарёсининг эски ўзани орқали Орол денгизининг қуриган жойига (Катта Оролга) чиқариб ташланади.

Лойиҳа амалга оширилмасдан аввал насос станцияси орқали “Амударё” дарёсига тушиб турган зах сувлар “Бош жанубий” коллектори орқали “Ақчадарё” коллекторига ўзи оқар йўли билан лойиҳа қилиниб, дарёга тушиб турган зах сувлар мутлақо тўхтатилди. Натижада Қорақалпоғистон Республикасининг жанубий туманлари (Турткўл, Элликқалъа, Беруний)нинг жами 100 минг гектар суғориладиган майдонларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига ҳамда сизот сувларнинг ҳудуддан бетўхтов чиқиб кетишига замин яратилди.

Бундай самарали тадбирлар бўйича 2017 йилда жами 2056,8 километр узунликдаги мелиоратив объектларда 46 миллиард 36,3 миллион сўмлик қуриш ва реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда тиклаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган. Натижада ҳудудлардаги сизот сувларнинг сатҳи пасайиб, зах сувларнинг ҳудуддан олиб чиқиб кетилиши яхшиланади, тупроқларнинг шўрланиш даражаси пасайиб, жами 68 минг 300 гектар майдонларнинг мелиоратив ҳолатини яхшиланиши кутилмоқда. 

Top