21:39 / 15.08.2017
14966

Андижонлик фермернинг мурожаати ҳал қилиниб, даласига сув келди

Кун.uz таҳририятига Андижон вилоят, Андижон тумани “Истиқлол” массивида фаолият юритаётган “Қобилжон миришкор” фермер хўжалиги раҳбари экинларини суғоришда муаммоларга дуч келаётгани ҳақида мурожаат қилган эди. 

Хўжалик раҳбарининг туман ҳокимлиги ва қишлоқ ва сув ҳўжалигига қилган кўп мурожаатлари бесамар кетгач, Kun.uz мухбири ушбу муаммони  Андижонда бўлиб ўтган Халқаро Пресс клуб сессиясида кўтариб чиқди. Вилоят ҳокими ушбу ҳолат тез орада ижобий якунланиши ҳақида айтгач, орадан икки кун ўтиб, биз ушбу хўжаликка бордик.

Андижон туманнинг Херабек қишлоғи адир ҳудудида жойлашгани учун бу жойларда деҳқончилик қилиш осон кечмайди. Тупроғи бўлиқ  ва ҳосилдор бўлгани учун деҳқон ва боғбонлар минг машаққат билан ҳосил етиштирадилар. Маълумки, тепаликлардаги пайкалларга сув насослар орқали чиқариб берилади.

“Қобилжон миришкор” фермер хўжалиги пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган бўлиб, 12,8 гектар ерга дон, 13 гектар ерга пахта эккан. Далалари нотекис адирликка жойлашган. Шундай бўлсада, ғалланинг “Крошка” навини эккан деҳқонлар кўнгилдагидек ҳосил кўтаришибди.

Маълумки, ғўза ривожланиш жараёнида тўрт марта ва ундан кўпроқ сув ичади. Ҳозир кўчатларни айни кўсак тугадиган пайти. Ниҳолларни кузатиб ҳар бир тупда 10-12 тадан кўсак санадик. Баъзи кўчатларда тўрт-бештадан пахта очилган. Демак, ҳосилни чўғи ёмон эмас. Деҳқон бежиз мурожаат қилмаган. Сабаби, ғўза чанқаган пайтда сувдан қолса, ҳосилга зиён.

Вилоят ҳокимининг топшириғи билан тегишли мутасадди ташкилотлар пахта даласига сув олиб келишибди. Туман қишлоқ ва сув хўжалиги раҳбари Маҳмуджон Исроилов билан тўрт нафар сувчи томонидан олиб борилаётган иш жараёнини кузатдик. Туман мутасаддиси ушбу ҳолат қайта такрорланмаслиги ва хўжаликни шахсан ўзи назорат қилиб боришини билдирди.

Аслида, туман ҳокимлиги ва тегишли идора вакиллари ўз ишига маъсулият билан ёндашганларида фермер хўжалигидаги сув муаммосини катта минбарга олиб чиқиш шарт бўлмас эди. 

Top