Ўзбекистон | 17:00 / 18.08.2017
28808
3 дақиқада ўқилади

Чет тилини билиши тўғрисидаги сертификати борлар ушбу блокдан имтиҳонсиз ўтади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Таълим муассасаларида чет тилларини ўқитишнинг сифатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида 2018/19 йилги ўқув мавсумида ўқиш истагини билдирган абитуриентлар учун бир қатор янгиликлар эълон қилинди.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда чет тилини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини кенг қўллаган ҳолда 2018 йил 1 январдан бошлаб малака сертификатига эга бўлган талабгорларга сертификатни олгандан бошлаб 3 йилгача турли имтиёзларни бериш тартиби жорий этилди.

Унга кўра, чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги давлат намунасидаги А2 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатга эга бўлган умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг саралаш тест синовлари рўйхатига чет тили (инглиз, немис, француз) фани киритилган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига киришда чет тили фанидан максимал балл бериш ва уларни чет тили фанидан тест синовидан озод этилиши белгиланган.

Олий таълим муассасалари бакалавриатининг кириш тест синовлари мажмуасига чет тили (инглиз, немис, француз) фани киритилган йўналишларда чет тили фанидан белгиланган максимал баллни қўлга киритиш учун В1 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатига эга бўлиш талаб қилинади.

В2 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатга эга бўлган абитуриентларга олий таълим муассасалари магистратурасининг кириш тест синовларида чет тили саволларга жавоб бермай максимал барча балларни қўлга киритади.

Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлган Олий таълим вазирлиги ходими ана шундай имтиёз магистратурада ўқиш истагида бўлган абитуриент ўртасида тажриба қилингани ҳақида сўзлаб берди: 

«Бу йил магистратура босқичининг кириш имтиҳонларида ўзгача вазият кузатилди, демак чет тилини билиш ҳақидаги сертификатга (IELTS, TOEFL) эга абитуриентлар максимал белгиланган 50 баллни қўлга киритди. Бунинг учун улардан IELTS баҳолаш тизими бўйича 5.5 ва ундан юқори баллни қўлга киритгани ҳақидаги сертификатни кўрсатиши лозим эди».

Шунингдек, чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги давлат намунасидаги В2 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатга эга бўлган умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари педагоглари аттестация жараёнида малака синови учун белгиланган максимал балл билан баҳолаш ва синовдан озод этилади.

Мавзуга оид