12:45 / 18.08.2017
27473

«Кириллга қайтмаймиз». Лотин-кирилл баҳсида яна бир жавоб юриши

Ўзбекистон лотин алифбосида қолгани яхшими ёки кирилл алифбосига қайтиш керакми? Айни вақтда ўзбекистонликлар шу мавзуни кенг муҳокама қилмоқда. Лотин алифбоси тарафдорларидан яна бири Отабек Умаров фейсбукдаги саҳифасида кирилл алифбосига қайтиш ёқлаб чиқилган мақолага раддия ёзди.

Яна Жапақовга

Мирзабек Жапақовнинг «Аросатда қолган лотин ёзувими ёки муаммосиз кирилл» сарлавҳали мақоласи sharh.uz сайтида эълон қилингач, бу мақолада келтирилган иддаоларнинг асоссизлиги, фактларни ва воқеликни бузиб кўрсатилиши бир қатор журналистлар ҳамда тилшунослар томонидан билдирилган ўринли танқидларга учради. 

Бироқ Мирзабек Жапақов бу танқидлардан тегишли хулоса чиқармаган ва олдинги мақоласида келтирилган иддаоларига муносиб жавоб берилган мақолаларни етарли даражада эътибор билан ўқиб чиқмаган шекилли, ўша сайтда юзаки қараш ҳамда муаллифнинг ўта субъектив ўйларига, асослаб берилмаган гапларга тўла яна битта мақоласини эълон қилибди ва унга «Аччиқ ҳақиқат ёки бўғзимизгача берилган зарба» дея баландпарвоз сарлавҳа қўйди. Бу билан муаллиф ёзганлари ўзига хос услубда номланган тилшунос Элдар Асановнинг «Биринчи зарбада тиззаларигача, иккинчи зарбада белларигача» мақоласига жавоб эканлигини билдирмоқчи бўлди. Бироқ Жапақов ёзганларини ўқиб чиқсангиз, на Элдар Асановнинг мақолани номлаш услубини кўчиришни, на тузук бир раддия ёзишни эплагамаганини кўрамиз. Чунки, Мирзабек Жапақов ушбу мақоласига қанчалик баландпарвоз ном бермасин, ёзганларининг мазмуни бундай номга арзимагани яққол кўриниб туради. Муаллиф олдинги мақоласида айтган «ер ва эр», «ел ва эл» тўғрисидаги гапни яна такрорлади, қайсидир ҳаваскор ёш шоира шундоқ ёзганмиш ва бунда лотин ёзуви айбдормиш. 

Қизиқ савол туғилади: лотин ёзувида ўқиган одам ҳеч «эр»ни «ер», «эл»ни «ел» деб ёзадими? Йўқ, албатта. Шунчаки, лотинда ўқиган ўша қиз кириллчада ёзганда шундай хатога йўл қўйган. Бу эса яна бир саволни ўртага ташлайди: нега у кириллча ёзган? Қаерда ёзган? Ҳарқалай, ўз дафтарчасида ёзса, ўзи савод чиқарган лотин ёзувида ёзади, газета-журналларда ҳам бундай жиддий хато кетмаса керак. Унда ким уни кириллча ёзишга мажбур этди? Ёки сиз баҳо беришингиз учун сизга тушунарли кириллчада ёздими, Мирзабек Жапақов? Ҳуқуқшунос, журналист эканингизни биламиз, бироқ шоир эканлигингизни билмабмиз. Ҳаётингиздан мисол келтирсангиз, батафсилроқ ёзинг, илтимос, - одамларни чалкаштиришга уринманг. Ёзган яна бир гапингизни ўқиб ҳайрон бўлдим:

«Савол керак бўлса менда ҳам бор. Сизлар телеэкранга чиқиб олиб ғарбнинг оммавий маданияти тўғрисида, бир жинсли никоҳлар, шаҳвоний, ахлоқсиз қилиқлар, улардан ёшларимизни асраш кераклиги тўғрисида оғиз кўпиртириб соатлаб гапирасизлар-у, мана шу иллатларга қайсидир маънода етакловчи, кўзга кўринмас кўприк ролини бажараётган ғарб имлосини нима учун жон-жаҳдингиз билан ҳимоя қилаяпсизлар?». 

Шуни ёздингиз-у, бироқ сиз санаб ўтган иллатларга лотин ёзуви қандай қилиб кўприк бўла олишини тушунтириб бермадингиз. Сабаби - бу иддаонгизни асослаб беролмайсиз. Кечирсиз-у, Ғарб деганда фақат оммавий маданият-у бир жинсли никоҳларни тушуниш ғирт калтабинлик, тор доирада ўйлаш, дунёни билмаслик белгисидир. Умуман олганда, Ғарб билан Шарқ - бу географик тушунчалар холос, Ғарб маданияти, Шарқ маданияти деган ажратиш ҳам асоссиз ва кўп ҳолларда ўта нисбий. Бу борада Taraqqiy.uz сайтидаги «Ғарбу Шарқ: Соменинг ўйлари» мақоласини ўқиб чиқишингизни тавсия этаман.

Кейинги иддаонгизда эса сиз яна ёшларни ҳисобга олмадингиз, буни ўқиганда ёшлар сиз учун ўзбек элининг бир қисми эмаслиги туюлади:
«Мана шу йиллар давомида лотин алифбоси нафақат табиатимизга, балки, руҳиятимизга ҳам, зеҳниятимизга ҳам, қадриятимизга ҳам сингиб кета олмади».

Фақат ўзингиздан келиб чиқиб бир нимага баҳо бериш осон. Бироқ ундай «баҳо» тўлақонли хулоса бўла оладими? Ёш авлодни ҳатто тилга олмасдан, гўё улар сиз учун йўқдек бутун халқ номидан гапиришга ўзингизни қанчалик ҳақли деб биласиз? «Руҳиятимизга ҳам, зеҳниятимизга ҳам» ,-деган гаплар жуда қизиқ. Мустақиллигимизнинг белгиси бўлган (бу эса истайсизми, йўқми, шундай, чунки мустақил бўлмаганимизда, лотин ёзувига ўтмас эдик) лотин алифбоси руҳиятингизга-ю зеҳниятингизга кирмаган бўлса, унда зеҳниятингиз нималарга тўла? Эски советча мафкурагадир? Бировнинг онгини кавлаб ўтириш менинг ишим эмас, лекин сизнинг ёзганларингиз шундай саволларни юзага келтиради. Қуйироқда: «Ғарб цивилизациясидан нимани ҳам ўрганишимиз мумкин?», деб ёзган гапингиз ҳазилга ўхшайди. Сиз мақолангизни ёзишда ва уни Интернетга жойлаштиришда ишлатган электрон қурилмангиз, сиз ҳар куни қўллайдиган қулайликлар ва техника ютуқлари ҳам Ғарб цивилизациясининг маҳсули-ку? Буларни ўрганишимиз керак эмасми? Илм-фан, юқори технологияларни ўзлаштирсак ва ўргансак, ўзимизга фақат фойдали бўлади.

Ўтган мақолангиздаги: «Туркий элларни лотин ёзувига рус шовинистлари ўтказган», деган янглиш ўйингизни яна ёзибсиз. Тарихни яхшироқ ўрганинг, Жапақов! Бокудаги туркийшунослар қурултойи тўғрисида эшитганмисиз? Лотин ёзувига ўтиш ғояси айнан ўша қурултойда қабул қилинганиничи? Кўп вақт ўтмай, Бокудаги қурултойда қатнашган миллатимиз фидойилари турли сохта айблар билан қатағон қилинганини биласизми? Мақола сўнгидаги ёзганингиз эътиборимни тортди: «Ижтимоий тармоқларда ҳам чала-чулпа қилиб ҳештеглар қолдириб, елни (кечирасиз элни) чорлаётган йигит қизларга ҳам тўғри йўлни кўрсатинг». Қанақа тўғри йўл? Йўлимиз нотўғри эканлигини қаёқдан биласиз - асослаб беринг. Агар гапларингизни асослаб беролмасангиз, демак ўзингизни ҳам, элни ҳам алдамоқчи бўласиз. Ҳэштеглар тўғрисида ёзибсиз, ижтимоий тармоққа кирар экансиз. Ушбу ёзганларимни ўқиб қолсангиз, ўйлайманки, ўзингиз учун тўғри хулосалар чиқарасиз.

Отабек Умар

Top