21:21 / 22.08.2017
59391

Туркманистон яна Гиннеснинг рекордлар китобига кирди

Туркманистонда Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган яна бир рекорд ўрнатилди, деб хабар бермоқда «Туркмандавлатхабарлари» давлат ахборот агентлиги.

Ашхободдаги олимпия стадиони узра қад кўтарган от калласи дунёдаги энг каттаси деб топилган. Guinness World Records компанияси ходимлари томонидан берилган сертификатга кўра, ҳайкалнинг баландлиги 40,05 метр, энди 40,24 метрни ташкил этади. Ўлчов ишлари 2017 йилнинг 6 мартида ўтказилган эди.

Бундан ташқари, олимпия шаҳарчасида барпо этилган сув спорти маркази ҳам рекордлар китобига киритилган. Ҳисоб-китобларга кўра, марказдаги барча бассейнларнинг умумий майдони деярли 5 минг квадрат метрни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 17 сентябридан 27 сентябригача Туркманистон пойтахти Ашхободда Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъати бўйича V Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Гиннеснинг рекродлар китобига киритилган янги иншоотлар ушбу халқаро спорт турнири учун барпо этилган.

Туркманистон Гиннеснинг рекордлар китобига тез-тез тушиб туради. Мамлакатда турли йилларда қуйидаги жаҳон рекордлари ўрнатилган:

- оқ мармар қопланган биноларнинг энг зич жойлашуви (Ашхобод шаҳрида);

- ёпиқ турдаги дунёдаги энг йирик томоша чархпалаги;

- дунёдаги энг йирик «Ўғузхон» фаввора-ҳайкаллар комплекси;

- дунёдаги энг баланд байроқ штоги (кейинроқ бу рекорд Тожикистон ва Саудия Арабистони томонидан янгиланган);

- янги аэропорт томида миллий кашталар — гулларнинг энг йирик тасвирлари жойлаштирилган;

- қўлда тўқилган энг катта гилам;

- Ашхободдаги телемарказ юлдузнинг энг йирик архитектура тасвирига эга;

- Туркманистонда жаҳондаги энг катта ўтов тикланган;

- Энг катта ўтовга бир вақтнинг ўзида 4 минг киши кириб, Туркманистон президентининг «Олға, фақат олға» қўшиғини куйлашган ва бу ҳам Guinness World Records вакиллари томонидан қайд этилган.

Top