Жамият | 19:01 / 23.08.2017
19772
3 дақиқада ўқилади

Австралия қаҳрамони 2 миллион боланинг ҳаётини сақлаб қолди (фотожамланма)

Кўп йиллар илгари австралиялик Жеймс Ҳаррисон ўлим билан юзлашган. Кўкрак қафасидаги операция 10 соатдан ортиқ вақт давом этган, жарроҳлар унинг танасига сон-саноқсиз чоклар туширишган ва Жеймсга 13 литрга яқин қон қуйишган. Яхшики, барчаси муваффақиятли якун топган. Ўсмир шифохонадан чиққанидан кейин унга ёрдам берган кишилар каби бошқа одамларга ёрдам қўлини чўзиш учун  доимий қон донори бўлишга аҳд қилган. Бироқ у пайтлар Жеймс қанчалик қадрли донор бўлишини тасаввур ҳам қилмаган. BigPicture шу ҳақидаги мақоласи билан бўлишди

Ҳаррисон балоғат ёшига етгач, мунтазам равишда қон ва плазма топшира бошлади. Жеймсни маҳаллий шифохоналардан бирига чақириб, унинг қонида катта миқдордаги антижисмлар (организмда антигенлар пайдо бўлиши билан юзага келадиган ва уларнинг таъсирини йўқотадиган моддалар) борлиги, улар эса онасидан фарқли резус-омилга эга болаларнинг омон қолишида ҳаётий муҳим аҳамиятга эга эканини айтишган. 

Маълумки, агар онанинг қони "-" (манфий) резус-омил бўлса-ю, боланики "+" (мусбат) бўлса ва онанинг қонидаги антижисмлар фаолроқ чиқса, организмда турли салбий асоратларга (сариқ касалдан тортиб то ҳомиланинг тушишигача) олиб келувчи реакциялар рўй беради. Жеймснинг қонида ўзига хос  антижисмлар аниқланиб, уларнинг асосида иммуноглобулин вакцинаси ишлаб чиқарила бошлади. Австралияликнинг қонида уларнинг пайдо бўлишини шифокорлар унга ёшликда кўп қон қуйилгани билан изоҳлашди. 

Бир сўз билан айтганда, донорлик Жеймс Ҳаррисоннинг ҳаёти мазмунига айланди. Унинг плазмаси шунчалик қадрли бўлиб чиқдики, Австралия ҳукумати Жеймснинг ҳаётини 1 миллион долларга суғурталади. 

Ҳозир Жеймс 80 ёшда. У ўртача уч ҳафтада бир марта плазма топширади. 2011 йилнинг май ойида у бу ишни мингинчи марта амалга оширгани эътироф этилиб, Гиннеснинг "Рекордлар китоби"да қайд этилди. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, Жеймс ҳали дунё юзини кўрмаган 2 миллион боланинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам берган, шу жумладан ўз қизининг ҳам. 

27 декабрда Австралия қаҳрамони 81 ёшга тўлади. Миллий қонунлар бундай ёшда донор бўлишни тақиқлайди. Яхшики, ҳозирда шифокорлар муқобил вариантларни топишга муваффақ бўлишган, 2015 йилга қадар эса Австралиядаги мутлақо барча антирезус препаратлар Жеймс Ҳаррисоннинг плазмасидан тайёрланган. 

Мавзуга оид