Жаҳон | 13:26 / 24.08.2017
12859
3 дақиқада ўқилади

Икки вилоятда ҳокимнинг туризм бўйича ўринбосарлари тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев икки вилоятда ҳокимнинг туризм бўйича ўринбосарларини тайинлади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Ботир Шахриёров Бухоро вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига, Темур Давлетов Хоразм вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Қуйидагилар вилоят ҳокимлариининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари асосий вазифалари этиб белгиланган:

•  ҳудудда туризм соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, соҳа бўйича қабул қилинган концепция ва дастурларнинг ижросини таъминлашга қаратилган тадбирларни белгилаш;
•  чет эл мамлакатлари билан туризм соҳасида, айниқса, туристлар оқимини кўпайтириш ҳамда уларни жалб қилиш бўйича ҳамкорлик ва келишувларни ваколатли органлар билан биргаликда амалга ошириш;
•  соҳани чуқур таҳлил қилиш асосида туристик хизматларга бўлган талабни ўрганиш, бу борадаги мавжуд муаммолар ва тўсиқларни аниқлаш, соҳани ривожлантириш ҳамда такомиллаштиришнинг мақсадга мувофиқ моделларини ишлаб чиқиш ва келгуси режаларни белгилаш;
•  туризм соҳасининг иқтисодий, экологик, ижтимоий, маданий ва бошқа йўналишлардаги инфратузилмасини такомиллаштириш ва туризм йўналишидаги диққатга сазовор жойлар, уларни яхшилаш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш ҳамда амалга ошириш;
•  қўшимча туризм маршрутларини ишлаб чиқиш, чет эл ёшларини кенг жалб этиш мақсадида кўнгилочар комплекслар барпо этиш, маданий мерос объектларида халқимизнинг тарихи, турмуш тарзи, урф-одатлари, анъаналарини ўзида акс эттирган экспозицияларни ташкил этиш;
•  туризм соҳасида туризмни ривожлантиришнинг ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни мувофиқлаштириш;
•  туризмни ривожлантириш масалалари бўйича масъул вазирлик, идора ва қўмиталарнинг ҳудудий бошқармалари иш фаолиятини мувофиқлаштириш;
•  туризм соҳасига замонавий ахборот-коммуникация воситаларини жалб этиш, хорижий туроператорлар ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш орқали республиканинг мавжуд сайёҳлик салоҳиятини кенг ёритиш чораларини кўриш.

Мавзуга оид