Қўполлик қилган боғча тарбиячисига чора кўрилди
Х.Ҳ. шу йилнинг 16 август куни Навоий вилоятидаги мактабгача таълим муассасаларидан бирида тарбия олаётган икки ёшдан ошган қизини олиб келиш учун борганида, фарзандининг чинқириб йиғлаётгани устидан чиқади: қизча ерда ётар, боғча опаси эса уни турғизишга уринарди. Она, табиийки, жон ваҳмида сўрайди: “Қизим нега йиғлаяпти?”. Тарбиячи эса узр сўраш ўрнига онани ҳақорат қилади. Даҳанаки айтишув якунида у қизалоқнинг онасига қўлини пахса қилади: “қаерга борсанг – бор, қўлингдан келганини қил”.
Facebook’даги “Халқ билан мулоқот” гуруҳида Ғайбулла исмли фойдаланувчининг хабар беришича, она дастлаб боғча мудирасига шикоят қилиш билан чекланади. Бироқ ўша кечаси қизалоқнинг иситмаси кескин кўтарилиб кетиб, туни билан алаҳлаб чиқади. Шифокорлар унга аниқ ташхис қўя олишмайди: “катта эҳтимол билан қўрқиш оқибатида бирор хасталикка чалинган бўлиши мумкин, сал кутайлик, белгилари аниқ бўлади”, дейишади.
Сўнг қизалоқнинг онаси боғча тарбиячисининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан Халқ қабулхонасига мурожаат қилади. Мазкур мурожаат назоратга олиб ўрганилгач, унда кўрсатилган барча ҳолат ўз исботини топди. Шу боис мурожаат бўлган куннинг ўзидаёқ айбдор тарбиячи эгаллаб турган вазифасидан озод қилинди.
Албатта, айбдор қилмишига яраша жазо олди. Бироқ қизалоқ ҳам, ота-онаси ҳам ҳамон стресс ҳолатидан чиқиб кета олмаяпти.
Илгарироқ ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятидаги айрим мактабгача таълим муассасаларида катта ёшли “тарбиячи”нинг болаларни қўрқитиш билан шуғуллангани акс этган видеолар минглаб юртдошларимиз қалбини ларзага солган эди. Бугун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарида шу мазмундаги мурожаатлар зудлик билан ўрганилиб, мурғак қалбларга қўрқув уруғини сочаётган кимсаларга қонун доирасида муросасизлик билан қатъий чоралар кўрилмоқда.
Яна бир жиҳат – яқинда ХПКнинг Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари билан бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов янги тартиб ва қонун-қоидага кўра энди болаларни 3 ёшдан мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш халқаро тажрибага асосланишини таъкидлади: “3 ёшгача болалар кўп касал бўлишади, жамоат жойларига кўникиб кетиши қийин кечади. Бу ёшда бола ота-онаси ёрдамида уйида таълим тарбия олса яхшироқ ижобий натижа беради. Тўғри тушунинг, 2 ёшли бола учун боғчага бориш жуда эрта. Бундан ташқари, болалар боғчаларининг вазифаси ёш гўдакларга қараш эмас, балки уларни тарбиялаш, таълим бериш. Шунинг учун биз бошқа давлатларнинг бу борадаги тажрибасини ўрганиб, болаларни 3 ёшдан қабул қилишга қарор қилдик. Яъни, боғчага борадиган бола ўзига-ўзи хизмат қила оладиган бўлиши керак. 2 ёшли бола мустақил ҳожатхонага боролмайди, юз-қўлини юва олмайди, овқатлана олмайди”.
Юқоридаги ҳолатда ҳам навоийлик қизалоқнинг 2 ёшдан энди ошгани, ҳали гапларни тўлиқ айта олмаслиги нима учун мамлакатимизда болаларни мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш ёшига ўзгартириш киритилганига яна бир исботдир.
Бироқ навоийлик қизалоқнинг 2 ёшдан боғчага берилгани юқоридаги ҳолатда болага ва унинг онасига қўполлик қилган “тарбиячи”ни оқлаш учун ҳеч қандай асос бўла олмайди. Бу соҳада мамлакатимизда кенг қамровли ва туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида болаларнинг ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда зарур шарт-шароитлар яратиш,
мактабгача таълим муассасалари учун педагог кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув режа ва дастурларини замонавий педагогик технология ва методларни инобатга олган ҳолда такомиллаштириш кўзда тутилган.
Бунда мактабгача таълим муассасалари фаолияти тубдан яхшиланиб, энг илғор хорижий тажриба ўрганилади, ҳар жиҳатдан замонавий тизим яратилади. Бу борада алоҳида вазирлик ташкил этилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев куни кеча Бекобод туманига ташрифи давомида «Аёлларнинг ишини осон қилиш учун кейинги 5 йилда Ўзбекистонда туғилган 100 фоиз болаларнинг боғчага боришини таъминлаймиз. 1-синфга янги қабул қилинган, мактабдан аввал болалар боғчасига борган ва боғчага бормаган болани солиштириб кўринглар. Уларнинг савиясини, кўзларининг ёниши; байроқ, мадҳия, Амир Темур бобоси ким, Биринчи президентимизни ва Ватанни билиши тўғрисида саволга тутиб кўринглар. Коллективни билиши тўғрисида, соғлиги тўғрисида, касал бўлмаслик учун нималар қилиши тўғрисида сўранглар. Улар боғчада ўз вақтида ётиб дам олади, уч маҳал овқатланади, расм чизишни ўрганади, салом беришни билади. Ундай болаларнинг савияси мутлақо бошқача бўлади», деб бежиз таъкидламади.
Бу ислоҳотлар самарасида яқин беш йилда мазкур соҳадаги барча муаммога тизимли барҳам берилади. Бу билан болаларнинг қизиқиш ва интилишларини ҳисобга олган ҳолда, уларга мактабгача бўлган даврда ҳар томонлама пухта таълим-тарбия бериш, дунёқарашини кенгайтириш, мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, қалби ва онгига миллий ва умуминсоний қадриятларни сингдириб бориш, шу орқали уларни она Ватанга муҳаббат, покиза орзулар руҳида камол топтириш – орзудан ҳар биримизнинг реал ҳаётимизга кўчади.
Мавзуга оид
19:42 / 29.10.2024
Тошкентда ўғил болага қиз бола кийимини кийдириб, саҳна кўриниши ташкиллаштирган тарбиячи ишдан олинди
17:30 / 25.05.2024
“Кўп юклама ва кам маош” - боғчаларда болалар калтакланаётганининг сабаблари ҳақида
11:07 / 22.05.2024
1 июндан олий маълумотли боғча тарбиячиларининг маоши ошади
15:08 / 06.05.2024