Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

G7 молия вазирлари Россияга санкцияларни кучайтириш билан таҳдид қилди

«Еттилик гуруҳи» (G7) мамлакатлари молия вазирлари қўшма баёнот чиқариб, агар Москва Украинада ўт очишни тўхтатишга рози бўлмаса, Россияга босимни кучайтириш, жумладан, санкцияларни кучайтириш билан таҳдид қилишди. Улар Россиянинг давом этаётган тажовузкорлигини қораладилар ва «можаро вақтида Россияни қўллаб-қувватловчи ҳар қандай ташкилот» Украинани қайта тиклаш бўйича шартномалардан четда қолишини айтишди.

«Еттилик гуруҳи» мамлакатлари молия вазирликлари раҳбарлари глобал иқтисодий сиёсатдаги ноаниқлик чўққиси аллақачон ўтиб кетгани ҳақида фикр билдирди. Улар бозорларни барқарорлаштириш ва умумий сиёсат мақсадларига эришиш учун биргаликда ҳаракат қилишларини айтишди.

Баёнотда, шунингдек, Хитой тўғридан тўғри тилга олинмаган ҳолда, айрим мамлакатларнинг «бозорга хос бўлмаган сиёсати ва амалиёти» бошқаларнинг иқтисодий хавфсизлигига таъсир қилиши қайд этилган. Ҳужжат «барча учун тенг шароитлар» яратишга чақиради, деб ёзади AFP.

Канаданинг Калгари яқинидаги Банф курортида бўлиб ўтган уч кунлик саммит якунлари бўйича G7 молия вазирларининг қўшма баёноти эълон қилинди. Канада айни пайтда АҚШ, Германия, Буюк Британия, Франция, Италия ва Японияни ўз ичига олган G7'га раислик қилмоқда. Россия 2014 йилда Қрим қўшиб олинганидан кейин собиқ «катта саккизлик»дан чиқариб юборилган эди.

Исроил авиазарбаларни тўхтатмаяпти: қурбонлар ошмоқда

Исроил армиясининг блокададаги Ғазо секторининг жанубидаги Хон Юнус шаҳрига уюштирган ҳужумлари натижасида 32 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Хусусан, Фаластиннинг WAFA ахборот агентлиги хабарига кўра, Хон Юнус чеккасидаги Ал-Абсан посёлкасида жойлашган Дағма оиласининг уйига қилинган ҳужум оқибатида 11 киши, асосан болалар ҳалок бўлган. Кўплаб оғир ярадорлар борлиги ҳам айтилмоқда.

Хон Юнусда бошқа бир турар жой уйига қилинган Исроил ҳужуми натижасида яна 3 нафар фаластинлик, жумладан 2 бола ҳалок бўлган. Бомбардимонлар ва вайрон бўлган инфратузилма туфайли тез ёрдам бригадалари ярадорларни шифохоналарга олиб боришда катта қийинчиликларга дуч келмоқда.

Ғазо секторининг марказий қисмидаги Дейр-ал-Балаҳ шаҳрида эса Исроил ҳарбий самолётлари инсонпарвар ёрдам карвонига зарба берган. Бунинг натижасида 6 нафар фаластинлик, хусусан халқаро ташкилотлар омборларига ёрдам етказаётган ходимлар ҳалок бўлган. Дейр-ал-Балаҳнинг шарқий қисмига қилинган яна бир авиазарба оқибатида ҳалок бўлган тўрт нафар фаластинликнинг жасади «Ал-Ақсо» касалхонасига олиб келинган.